Иқтисодиёт | 18:11 / 08.07.2024
3845
2 дақиқада ўқилади

Биринчи ярим йилликда солиқ тушумлари 11 фоизга ошди

2024 йилнинг 6 ойида давлат бюджетига солиқ тушумлари ўтган йилдан 11,4 фоизга кўп бўлди. Иккинчи чоракда мол-мулк солиғи тушумлари салкам 1,5 баробарга ошган. Аввалроқ йилнинг биринчи ярмида давлат бюджети тақчиллиги 27 фоизга ошиб, 34 трлн сўмга етгани хабар қилинганди.

2024 йилнинг II чораги давомида давлат бюджетига солиқ тушумлари қарийб 45,5 трлн сўмни ташкил этди. Бу – ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,4 фоизга кўп, дея маълум қилди Солиқ қўмитаси.

II чоракда барча солиқ турлари бўйича ўсиш кузатилган. Энг юқори ўсиш – мол-мулк солиғи – 45 фоиз. Кейинги ўринларни эса акциз солиғи (36,6 фоиз) ва ҚҚС (26,5 фоиз) эгаллади.

Солиқ турлари кесимида тушум (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш)лар қуйидагича:

  • фойда солиғи – 9,5 трлн сўм (10,6 фоиз);
  • ҚҚС – 9,4 трлн сўм – (26,5 фоиз);
  • ЖШОДС – 9,2 трлн сўм – (18,7 фоиз);
  • аксиз солиғи – 4,6 трлн сўм – (36,6 фоиз);
  • ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ – 4,1 трлн сўм (16,2 фоиз);
  • ер солиғи – 2,2 трлн сўм (32,1 фоиз);
  • мол-мулк солиғи – 1,8 трлн сўм (45 фоиз);
  • АОС – 756,1 млрд сўм (1,7 фоиз);
  • сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ 186,1 млрд сўм (0,4 фоиз).

I чоракда бюджетга солиқ тушумлари 40,3 трлн сўмни ташкил қилганди. Шу рақамлардан келиб чиқилса, 2024 йилнинг 6 ойида солиқ тушумлари 85,8 трлн сўмни ташкил қилган. Бу – ўтган йилнинг биринчи ярмидаги кўрсаткичдан 11,4 фоизга кўп.

Аввалроқ 2024 йилнинг биринчи ярмида давлат бюджети дефицити 34 трлн сўмдан ошгани хабар қилинганди. 6 ойда давлат бюджети даромадлари 115,8 трлн сўм, харажатлари эса 149,8 трлн сўмни ташкил этиб, тақчиллик 34 трлн сўмга етган. Бу – бир йил олдинги кўрсаткичдан қарийб 27 фоизга кўп.

Мавзуга оид