“Икки давлат ўртасида бирор муаммо қолмаган” – Қирғизистон президенти ҳузуридаги СТМИ директори
Қирғиз Республикаси президенти келгуси ҳафта давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади. 9 июл куни Марказий Осиё халқаро институтида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Қирғизистон ҳамкорлигига бағишланган конференцияда қатнашган Қирғиз Республикаси президенти ҳузуридаги Стратегик ташаббуслар миллий институти директори Санжар Муканбетов бу хусусида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, икки давлат ўртасида бирорта муаммо қолмаган.
Конференцияда икки давлатнинг эксперт доиралари вакиллари қатнашди. Марказий Осиё халқаро институти директори, Ўзбекистоннинг АҚШдаги собиқ элчиси – Жавлон Ваҳобов ўз нутқида икки давлат ўзаро дипломатик алоқалар ўрнатгандан бери ҳамкорликда энг яхши натижага бугун эришганини таъкидлади.
“Алоҳида участкаларни бошқариш тўғрисидаги ҳамда Андижон-Кампирравот сув омборини биргаликда бошқариш тўғрисидаги ҳужжатларнинг қабул қилиниши, парламентлар ратификацияси ортидан Ўзбекистон ва Қирғизистон узоқ йиллик чегара муаммоларига ва ниҳоят якун ясади. Президент Мирзиёевнинг сўзи билан айтсам, бугун ўртамизда бирорта муаммо қолмаган. Таъкидлаш жоизки, ўтган 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида илк бор икки давлат бундай натижага эриша олди. Жапаров ҳам Бишкек Ўзбекистонни ишончли стратегик ҳамкор давлат сифатида кўришини айтган”,- дейди Ваҳобов.
Қирғизистон СТМИ директори Санжар Муканбетовга кўра, энди икки томон асосий эътиборини муаммоларга эмас, комплекс ривожланишга қаратади.
“Ўзингиз айтганингиздек, яқин кунларда янаям аниқроғи келгуси ҳафтада президент Садир Жапаров давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади. Икки томон ҳам шу фикрдаки, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида бугунга келиб бирор муаммо қолгани йўқ. Энди бор кучимиз ва эътиборимизни ўзаро савдо, энергетика, сув ресурслари энергетикасидаги ҳамкорликка, унинг ривожига бермоқчимиз”, - Санжар Муканбетов
Кўп мавзулар қатори ҳукуматлар бугун бош қотираётган, бироқ қурилиши тўхтаб қолган Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темирйўли масаласи ҳам алоҳида муҳокама қилинди.
“Ўтган ой уч давлатнинг ҳам транспорт вазирлари Хитойда келишувга имзо чекди. Қирғизистон парламенти буни ратификация ҳам қилиб улгурди. Шу йилнинг август ойидан эътиборан темирйўлнинг Қирғизистон ҳудудида фаол қуриш ишлари бошланади. Бу коридор ҳатто, минтақаларни бир-бири билан боғлашдаги муҳим бўғин бўлади”, - дейди Муканбетов.
Мавзуга оид
17:30 / 14.11.2024
Қирғизистон Иссиқкўлни сақлаб қолиш учун қўшниларга камроқ сув бериши мумкин
22:01 / 12.11.2024
Қирғизистонда ҳокимиятни эгаллашга тайёргарлик кўрган етти киши қўлга олинди
16:44 / 11.11.2024
Саудия тараққиёт жамғармаси Қирғизистонда 38 та мактаб қуриб беради
17:21 / 06.11.2024