Иқтисодиёт | 18:03 / 12.07.2024
5864
2 дақиқада ўқилади

Диний ташкилотга свет учун ортиқча қарздорлик ҳисоблаган ҲЭТга иш қўзғатилди

Амалдаги қонунчиликка кўра, диний ташкилотлар коммунал хизматларга тўловларни аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича тўлайди. Аммо Бухоро ҳудудий электр тармоқлари Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасига 115 млн сўмлик қўшимча тўлов ҳисоблаган. Рақобат қўмитаси бунинг учун ҲЭТКга нисбатан иш қўзғатди.

Фото: "Бухоро ҳудудий электр тармоқлари" АЖ

Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази электр энергияси бўйича қўшимча тўлов ҳисобланаётганидан норози бўлиб, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармасига мурожаат қилган.

Қўмита хабарида таъкидланишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 22 августдаги 364-сонли қарорида диний ташкилотлар коммунал хизматларга тўловларни аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича тўлаши кўрсатилган.

Ҳудудий бошқарма ўрганишлари жараёнида “Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ томонидан Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси марказига етказиб берилган электр энергия учун юритилган ҳисоб-китобларда юқоридаги қарор талабларига риоя қилмаган. Амалда белгиланган тарифларни ошириб қўллаш натижасида мажмуага нисбатан 115 млн сўмлик қўшимча тўлов ҳисоблангани аниқланган.

Шу муносабат билан корхонага нисбатан иш қўзғатилди, дейилади хабарда.

Рақобат қўмитаси сўнгги кунларда нархларнинг асоссиз оширилиши аломатлари бўйича “Махам-Чирчиқ” АЖ, “Лукойл” АЖ, пахта-тўқимачилик ва ёғ-мой кластерларига нисбатан, реклама қонунчилиги бузилиши бўйича Ипотекабанкка нисбатан, ҳайдовчиларга суғурта товонини тўлаб бермаётган “Инсон” суғурта компаниясига нисбатан ҳам иш қўзғатилганини маълум қилди.

Шунингдек, қўмита бир неча ойдан бери тўхтаб қолган лифт импорти масаласига ҳам эътибор қаратиб, ҳукуматга бир қатор таклифлар берди. Таклифлар орасида ваколатли орган томонидан импортёр корхоналарнинг бекор қилинган мувофиқлик сертифатларини истисно тариқасида тиклаш, лифтларни синовдан ўтказиш ва мувофиқлик сертификатини бериш бўйича хизматлар бозорига хусусий секторни кенг жалб қилиш масалалари ҳам бор.

Мавзуга оид