Ўзбекистон | 11:29 / 13.07.2024
11050
3 дақиқада ўқилади

Сингапур паспорти – «энг кучли», Ўзбекистон паспорти – 79-ўринда

Henley Passport Index 2024 рейтинги эълон қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон паспортига эга шахслар олдиндан виза олмаган ҳолда 64та мамлакатга бориши мумкин. Таққослаш учун, 2023 йилда ўзбекистонликлар 59 та давлатга визасиз кира олган. 

Фото: Henley Passport Index 2024

Виза ва фуқаролик олиш масалалари бўйича халқаро консультатив марказ – Henley & Partners дунё мамлакатлари паспортининг анъанавий йиллик рейтингини эълон қилди.

Рейтинг Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси берган маълумотлар асосида тузилган. Унда давлатларнинг фуқаролик паспорти ўз эгасига нечта мамлакатга аввалдан виза олмасдан (умуман виза олмасдан ёки етиб борганидан кейин виза олган ҳолда) кириб бориш имконини бериши инобатга олинган.

2024 йилги индексда Ўзбекистон паспорти Куба, Манголия ва Мозомбик паспортлари билан бирга 79-ўринни қайд этган. Ушбу тўртта мамлакат фуқаролари 64 та давлатга аввалдан виза олмай кириб боравериши мумкин.

Ўзбекистон паспортининг Henley Passport Index бўйича охирги йиллардаги позицияси:

  • 2016 йил: 52 та давлатга визасиз бориш имкони, 85-ўрин;
  • 2017 йил: 53 та давлатга визасиз бориш имкони, 83-ўрин;
  • 2018 йил: 59 та давлатга визасиз бориш имкони, 82-ўрин;
  • 2019 йил: 56 та давлатга визасиз бориш имкони, 85-ўрин;
  • 2020 йил: 57 та давлатга визасиз бориш имкони, 83-ўрин;
  • 2021 йил: 56 та давлатга визасиз бориш имкони, 92-ўрин;
  • 2022 йил: 57 та давлатга визасиз бориш имкони, 86-ўрин;
  • 2023 йил: 59 та давлатга визасиз бориш имкони, 85-ўрин;
  • 2024 йил: 64 та давлатга визасиз бориш имкони, 79-ўрин.

Рейтингда биринчи ўринни Сингапур паспорти эгаллаган. Henley компаниясига кўра, бу давлат фуқаролари 195 та мамлакатга визасиз бориш ҳуқуқига эга.

2024 йилда ҳам, одатдагидек, рейтингда юқори ўринларни асосан Европа Иттифоқи давлатларининг паспортлари банд қилган:

  • 1-ўрин. Сингапур – 195 та давлат;
  • 2-ўрин. Франция, Германия, Япония, Италия, Испания – 194 та давлат;
  • 3-ўрин. Финландия, Нидерландия, Жанубий Корея, Люксембург, Австрия, Ирландия, Швеция, – 193 та давлат;
  • 4-ўрин. Бельгия, Дания, Буюк Британия – 192 та давлат;
  • 5-ўрин. Португалия, Швейцария – 191 та давлат.

Шунингдек, Канада паспорти билан 189 та давлатга, АҚШ паспорти билан 188 та давлатга, БАА паспорти билан 187 та давлатга, Малайзия паспорти билан эса 183 та давлатга берухсат кириб боравериш мумкин.

Собиқ иттифоқ республикалари орасида Литва ва Эстония (ҳар иккала давлат 9-ўринни банд этган, ушбу давлат фуқаролари 187 та давлатга визасиз бориш ҳуқуқига эга) ҳамда Латвия (10-ўрин, 186 та давлат) энг яхши кўрсаткичга эга.

Украина паспорти 149 та давлат, Грузия паспорти 122 та давлат, Россия паспорти 120 та давлат, Туркия паспорти эса 118 та давлатга визасиз кириш ҳуқуқини беради.

Марказий Осиё республикаларининг паспорт рейтинги қуйидагича:

  • 67-ўрин. Қозоғистон – 79 та давлат;
  • 78-ўрин. Қирғизистон – 65 та давлат;
  • 79-ўрин. Ўзбекистон – 64 та давлат;
  • 82-ўрин. Тожикистон – 60 та давлат;
  • 90-ўрин. Туркманистон – 52 та давлат.

Рейтингни 28 та давлатга визасиз кириш имконини бериши билан Афғонистон паспорти якунлаб беради. Ундан аввалги ўринларда Сурия (29), Ироқ (31), Покистон (34) ва Яман (35) фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжатлар қайд этилган.

Мавзуга оид