Жаҳон | 20:09 / 18.07.2024
20483
8 дақиқада ўқилади

Фронтдаги вазият: Россия қўшини бир вақтнинг ўзида фронтнинг кўплаб участкаларида босимни оширмоқда

Украина энг қайноқ нуқталарга захира кучларини олиб келмоқда — аммо украинлар мудофаасидаги инқироз чуқурлашиб бормоқда. РФ қуролли кучларининг бу юришлари нимага олиб келади?

Фото: РФ мудофаа вазирлиги

Россия қўшини Торецк шаҳри (Донецкдан шимолда) чеккаларидаги посёлкаларга ёриб кирди. Бу Украина қуролли кучлари мудофаасида навбатдаги инқирозли ҳолатга олиб келди: қўмондонлик мудофаадаги тешикларни ёпиш учун захира қидиришга мажбур. Украина қуролли кучлари Торецк агломерациясига Купянск фронтидаги бўлинмаларни (95-десант-штурм бригадасидан) юборган. Украина армиясининг Купянск атрофидаги вазияти ҳам яхши эмас: Россия қўшини Оскол дарёси томон юрмоқда, Украина қуролли кучларининг Харкив, Донецк ва Луҳанск областлари чегарасидаги йирик плацдармига ушбу дарё орқали таъминот етказиб берилади — ушбу таъминот йўли хавф остида қолган. Бундан ташқари, РФ қуролли кучлари Торецкдан шимолроқда, Часив Яр шаҳри ҳудудида ҳамда ғарброқда — Авдийивка фронтида ҳам ҳарбий ҳаракатларини давом эттирмоқда. Буларнинг бари украин армиясини олдинда оғир ойлар кутаётганини англатади: ҳозирча Россия ҳужумларини тўхтатиш учун кучлар етарли эмас. Шу билан бирга, Украина қуролли кучлари Харкив ва Вовчанск участкаларига ҳам қўшимча кучлар юборишда давом этмоқда. Бундан мақсад (унга эришишга эса ҳали кўп вақт бор) — РФ қуролли кучларини Харкив ва Белгород областлари чегарасидан суриб ташлаш ва кучларни бошқа йўналишлар учун бўшатиш ҳисобланади.

Харкив ва Вовчанск

  • Украина қуролли кучлари Харкивдан шимолдаги Глубоке қишлоғида россияликларнинг позицияларига муваффақиятли ҳужумлар уюштирди: улар қишлоқни ғарбдан айланиб ўтишга муваффақ бўлган ва унинг шимолий чеккаларига кириб келган. Эндиликда Украина қуролли кучлари Россия бўлинмалари турган ушбу қишлоқни уч томондан ўраб олган. Россия қўмондонлиги қишлоққа таъминот ва қўшимча кучлар етказишга уринаётган колонналар украинларнинг дронлари зарбаларига йўлиқмоқда. Таъминотчилар нафақат Харкив областида, балки Белгород области ҳудудида эканидаёқ ҳужумга учрамоқда.

  • Вовчанскда (Россия қўмондонлиги катта эҳтимол билан бу ерга қўшимча кучлар олиб келган, жумладан Бахмут фронтидан ҳам) вазият чигаллигича қолмоқда. Икки армия кучлари шаҳарнинг кўп қаватли биноларидан иборат кварталларида ҳамда саноат корхоналарида, шунингдек шаҳар чеккаларидаги позицияларни эгаллаб турибди ва бу ерда аниқ фронт чизиғи ўтказиб бўлмайди: бир кварталнинг ўзида ҳам украин, ҳам рус бўлинмалари турган бўлиши мумкин. Шу билан бирга, кўп ҳолларда бундай кварталлар рақиб кучлари томонидан ўраб турилган бўлади, у ердагиларнинг таъминоти эса — ўқ-дори, егулик ва ичимлик сув — дронлар орқали етказилади.
  • Эълон қилинган видеолардан бирига кўра, Россия қўшини Волчя дарёсини кечиб ўтиб, шаҳарнинг жанубий қисмига киришга муваффақ бўлган. Аммо видео (муаллиф унда Волчянинг жанубий соҳилидаги Россия позицияси ўққа тутилганини айтган) нотўғри кўрсатилган бўлиши — бу украин позицияси ўққа тутилиши ҳақида бўлиши ҳам мумкин.
  • Шаҳар шимоли-шарқидаги вазият ноаниқлигича қолмоқда, у ерда рус қўшини ҳам, украин қўшини ҳам муайян позицияларни эгаллаб турибди.

Купянск фронти

  • Украина қуролли кучлари захиралари бошқа йўналишларга ўтказилганидан кейин нисбатан кучсиз рақибга қарши ҳаракат қилаётган Россия қўшини украинлар мудофааси марказидаги Песчане қишлоғига юриш қилмоқда. Ундан Оскол дарёсигача — 10 километр, Купянск-Узловойгача — 12 километр масофа қолади. Агар Украина қуролли кучлари бу юришни тўхтата олмаса, унда яқин ҳафталар ичида Купянск мудофаасида ҳам инқирозли ҳолат юзага келиши мумкин.
  • Шу билан бирга, Украина қуролли кучлари Купянскдан жануброқда — Сватове йўналишида ҳамда Креминна ўрмонларида жанговар тузилмалардан локал ҳужумлар уюштириш учун фойдаланмоқда. Катта эҳтимол билан, украин қўмондонлиги бу орқали Россия қўшинларини Купянск йўналишидан чалғитишни кўзлаган.

Северск йўналиши

  • РФ қуролли кучлари Северск шаҳридан жанубда ва жануби-шарқда локал юришларини давом эттирмоқда.
  • Узоқ муддатли жанглардан (бу ҳужумлар бир ярим йил муқаддам бошланганди) кейин улар Лисичанск нефтни қайта ишлаш заводи ва Северск ўртасидаги Спорне қишлоғининг камида бир қисмини эгаллаган.
  • Спорнега бошқа томондан Раздоловка ҳудудидан (унинг бир қисми июн ойида РФ қуролли кучлари томонидан эгалланганди) ҳам рус бўлинмалари юриш қилмоқда. Сўнгги ҳафтада улар шимолий йўналишда тахминан икки километрга илгарилаган.

Часив Яр

  • РФ қуролли кучлари украинлар мудофаасидаги муҳим шаҳар бўлган Часив Яр шаҳридаги амалиётнинг биринчи фазасини якунлаган: шаҳарнинг шарқий қисмидаги Канал микрорайони эгалланган. Амалиётнинг бу қисми учун уч ойдан кўпроқ вақт кетди ва РФ қуролли кучлари шахсий таркиб ва техникалар борасида катта йўқотишларга учради.
  • Шаҳар маркази томон юришда давом этишни географик жойлашув мураккаблаштиради: шаҳар маркази тепаликда ва Северский Донец — Донбасс каналининг нариги томонида жойлашган. Катта эҳтимол билан, РФ қуролли кучлари Часив Яр марказига рўпарадан ҳужум қилишдан кўра уни жануб (Клешчиевка томондан) ва шимолдан (ҳали эгалланмаган Калиновка микрорайони томондан) айланиб ўтишни афзал кўради.

Торецк

  • РФ қуролли кучлари учта участкада кучли ҳужумлар уюштирган ҳолда Украина қуролли кучларининг Торецк агломерациясидаги (Часив Ярдан жанубда) мудофаа чизиғини ёриб ўтди ва икки ҳафталик жанглардан кейин кварталлар оралаб беш-етти километрга илгарилади.
  • Жанглар Северский Донец — Донбасс канали ёқасидаги Дружба, Пивничне (Северний, собиқ Кирово), Пивденне (Южний, собиқ Ленинске) посёлкаларида, Зализне шаҳрида (собиқ Артемово), шунингдек Ню Йорк посёлкасида (собиқ Новгородске) давом этмоқда.

 

  • Хабарларга кўра, Украина қуролли кучларининг Северский Донец — Донбасс канали бўйидаги ва Ню Йорк ҳудудидаги мудофаани ёриб ўтиш учун РФ қуролли кучлари кўплаб километрларга чўзилган туннеллардан фойдаланган. Улар бу йўл орқали ҳаракатланиб, украинлар ортидан чиқишган. Бундай тактика қишда Авдийивкани штурм қилишда ҳам қўлланганди. Икки ҳолатда ҳам туннеллар россияпараст кучлар 2014-2015 йиллардан буён назорат қилиб келган ҳудудлардан қазилган. Уларни қазиш ишлари бир неча йил олдин бошланган бўлиши ҳам мумкин.
  • Ню Йорк ва Южнийда Россия қўшини илк муваффақиятлардан кейин кўп қаватли бинолар жойлашган ҳудудларда кўча жанглари билан андармон бўлиб қолди ва украинларнинг етиб келган (жумладан, Купянскдан) захира кучларининг қарши ҳужумларига учрамоқда.

Авдийивка фронти

  • Феврал ойида эгалланган Авдийивканинг ғарбий ва шимоли-ғарбий қисмида олиб борилган бир неча ойлик жанглардан кейин РФ қуролли кучлари келгусида Покровск — Константиновка йўли (бу Часив Яр ва Торецкдаги украин қўшинларининг асосий таъминот йўли ҳисобланади) йўналишида амалга ошириладиган юриш учун плацдарм ташкил этиш амалиётини якунлади.
  • Украина қуролли кучлари қарийб бутунлай Волчя дарёси (Харкив областининг Вовчанск шаҳрини оралаб ўтадиган шу номдаги дарё билан адаштирмаслик керак) ҳамда Карловске сув омбори ортига суриб ташланган.

  • Катта эҳтимол билан, РФ қуролли кучлари тез орада шимоли-ғарбга, тўғридан тўғри Покровск — Константиновка йўли бўйлаб ёки шимолга — Константиновканинг ўзига зарба беради, бундан мақсад Торецк агломерациясини Украина қуролли кучларининг Авдийивка гуруҳини ғарбдан узиб қўйиш бўлади.

Бошқа йўналишлар

  • Россия қўшини Марйинкадан шимолдаги Красноҳоривка шаҳрини эгаллашни якунлади. РФ қуролли кучларининг жануб ва шарқдан ҳужум қилган бўлинмалари аллақачон шаҳарнинг шимолий чеккасига киришган.
  • Катта эҳтимол билан, Россиянинг бу йўналишдаги кейинги нишони Курахово шаҳри бўлади — бу Украина қуролли кучларининг Донбасс жанубидаги асосий таъминот базаси ҳисоблаади. Курахово йўналишидаги ҳужумлар Красноҳоривка томондан ҳам, Авдийивка фронтининг жанубий қанотидаги Карловка томондан ҳам амалга оширилиши мумкин.

Мавзуга оид