Иқтисодиёт | 17:33 / 18.07.2024
4819
4 дақиқада ўқилади

II чоракда уй-жой бозорида фаоллик пасайди – Марказий банк

Регулятор таҳлилларига кўра, 2024 йилнинг апрел-июн ойларида фаолликнинг секинлашиши кўчмас мулк бозоридаги вазиятнинг барқарорлашуви билан боғлиқ бўлиши мумкин. Шунингдек, ижара ва уй-жой нархлари ошиши секинлашган. Нархларнинг мувозанатлашуви шароитида иккиламчи уй-жойларни сотиш ва ижарага бериш бўйича эълонлар ҳажми ошган.

Фото: Kun.uz

Марказий банк 2024 йилнинг II чорагида уй-жой бозори таҳлилини эълон қилди. Таҳлиллар жорий йилнинг II чорагида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан кўчмас мулк бозоридаги фаоллик бироз секинлашганини кўрсатмоқда.

Олди-сотди битимларида ушбу даврга хос бўлган мавсумий ўсиш суръатлари кузатилмади ва I чоракдаги кўрсаткичлар доирасида шаклланди. Апрел-июн ойларида 80,1 мингта олди-сотди битими тузилган бўлиб, олдинги даврларда нархлар юқори ўсиши шароитида фаоллик нисбатан баланд бўлган ҳудудларда, яъни Тошкент шаҳри (-8 фоиз), Бухоро (-10 фоиз), Навоий (-26 фоиз) ва Тошкент (-12 фоиз) вилоятларида битимларнинг сезиларли пасайиши давом этмоқда.

Фото: Марказий банк

Регулятор фаолликнинг секинлашиши кўчмас мулк бозоридаги вазиятнинг барқарорлашуви билан боғлиқ бўлиши мумкин, деб ҳисобламоқда. Жумладан, турар жой бўйича таклиф ошишда давом этмоқда. Нархларнинг мувозанатлашуви шароитида харидорлар томонидан олдинги даврларда сотиб олинган уй-жойлар иккиламчи бозорда сотувга ёки ижарага берилиши бўйича эълонлар жойлаштирилмоқда. Йил бошидан буён иккиламчи уй-жойларни сотиш бўйича эълонлар сони 12,7 фоизга, ижарага бериш бўйича эса 18,4 фоизга ошган.

Фото: Марказий банк

“Талаб даражаси ҳам уй хўжаликлари даромадларининг мақбуллашиши, ипотека кредитлари ўсиш суръатининг секинлашиши, базавий инфляцион жараёнлар ва алмашув курсининг нисбатан барқарорлашуви шароитида мувозанатлашган. Спекулятив талабнинг қисқариши келгусида кўчмас мулк бозорининг тўғриланишига қўшимча омил бўлиб хизмат қилади.

Ҳукумат томонидан уй-жойлар учун ипотека кредитларининг мақсадли ажратилиши, шу билан бирга Марказий банкнинг макропруденциал чоралари кўчмас мулк бозоридаги вазиятнинг мувозанатлашиб боришига хизмат қилиши кутилмоқда”, - дейилади регулятор таҳлилларида.

Иккинчи чорак давомида турар жой кўчмас мулк бозоридаги нархларнинг ойлик ўсиш суръатлари секинлашиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан пастроқ бўлди. Жорий йилнинг 6 ойи давомида иккиламчи бозорда уй-жой нархларининг ўсиши сўм индексида 4,5 фоизни (таққослаш учун: 2023 йил январ-июн ойларида 11,8 фоиз), бирламчи бозорда 7,2 фоизни (2023 йил январ-июн ойларида 10,9 фоиз) ташкил этди. Ўтган йилнинг иккинчи ярим йиллигида кузатилган юқори нарх эффектининг сақланиб қолаётгани таъсирида йиллик ҳисобда уй-жой нархлари ўсиши июн охирида сўм индексида 26,3 фоизни (доллар ҳисобида – 14,7 фоиз) ташкил этди.

Фото: Марказий банк

Бирламчи бозорда нархларнинг ўсиш суръатлари нисбатан барқарорлигича қолмоқда. Йиллик ҳисобда бирламчи бозордаги нархлар сўм эквивалентида 35 фоизга, доллар эквивалентида эса 22,5 фоизга ошди.

“Турар жой ижараси бозоридаги фаоллик жиловланиб, йил бошидан буён нархларда пасайиш динамикаси сақланиб қолди. Жумладан, Тошкент шаҳрида турар жой ижараси нархлари қолган ҳудудларга қараганда нисбатан тезроқ пасаймоқда. Республика бўйлаб турар жой ижара нархлари йиллик суръатда июн ойида сўм индексида 12,3 фоизни (доллар индексида – 2,1 фоиз) ташкил этди. Тошкент шаҳрида турар жой нархининг сўм индекси йиллик 1,2 фоизга пасайди (доллар индексида – -10,3 фоиз)”, - дейилади расмий хабарда.

Фото: Марказий банк

Шунингдек, турар жой харид қилиш ва уни ижарага бериш нархларининг ўсиш суръати ўртасидаги тафовут кенгайишда давом этиб, келгусида бу талабнинг узоқ муддатли ижарага ўтиши туфайли мулк қийматининг ўсишини мувозанатлаштириши мумкин. Иккинчи чоракда ер нархларининг динамикасида тўғриланиш кузатилди. Тошкент шаҳрида июн ойида 1 сотих ер нархи йиллик 25,7 фоизга ошиб, 342 миллион сўмни ташкил этди.

Аввалроқ, Марказий банк I чоракда иккиламчи бозорда нархларнинг ўсиш суръати секинлашганини маълум қилганди. Кўчмас мулк бозори юқори фаолликка эга Тошкентда эса март ойида кўчмас мулк бозори 20,7 фоизга пасайганди.

Аввалроқ, иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлиллари 2024 йилнинг биринчи ярмида кўчмас мулк савдоси 5,7 фоизга қисқарганини кўрсатганди.

Мавзуга оид