Жаҳон | 21:08 / 18.07.2024
4653
2 дақиқада ўқилади

Стрелков-Гиркин ҳукмдан ярим йил ўтиб колонияга этап қилинди

Россияда экстремистик фаолиятга чорлагани учун судланган Игор Стрелков (Гиркин) Киров областидаги колонияга этап қилинган. Бу ҳақда унинг рафиқаси Мирослава Регинская журналистларга хабар берган.

Фото: РИА Новости

«Игор Стрелков Кирово-Чепецк шаҳридаги 5-рақамли ахлоқ тузатиш колониясида бўлиб турибди», дея Регинскаядан иқтибос келтирмоқда ТАСС.

Москва шаҳар суди Стрелковни 25 январ куни 4 йилга умумий тартибли колонияга озодликдан маҳрум этиш тўғрисида ҳукм чиқарган эди. Унга нисбатан Украинадаги уруш контекстида мамлакат ҳарбий раҳбариятини қаттиқ танқид қилиб, Телеграм мессенжерида иккита пост жойлагани учун жиноят иши очилган эди. Май ойида апелляция суди ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган.

ТАССнинг ёзишича, Кирово-Чепецкдаги колония кучишлатар тизимларнинг собиқ ходимлари жазони ўташи билан машҳур. Стрелков ФСБда хизмат қилган.

Стрелковнинг адвокати Александр Молоховнинг «Интерфакс»га маълум қилишича, ҳимоячилар Стрелковдан колонияда хабар олиб, ҳукм устидан Олий суднинг кассация инстанциясига шикоят аризаси киритмоқчи, шунингдек, маҳкум муддатидан аввал шартли озод этилишига эришмоқчи.

2022 йилнинг ноябрида Нидерландия суди Стрелковни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган эди. У ва яна икки киши Донбассда уриб туширилган Малайзия авиакомпаниясига тегишли Боинг-777 самолёти ҳалокатида айбдор деб топилган. Ўшанда Стрелков Украинага қарши жанг қилган.

Украинада эса унга қарши терроризм, қотиллик, қийноқ қўллаш ва давлат суверенитетига дахл қилиш моддалари бўйича жиноят ишлари қўзғатилган.

Мавзуга оид