Жаҳон | 15:50 / 19.07.2024
6285
2 дақиқада ўқилади

Зеленский: Дунё Россияни музокаралар столига ўтказиш учун босим кўрсатиши керак

Украина президентининг фикрича, «Россияга босим ўтказиш орқали дипломатик йўл билан келишувга эришиш мумкин».

Фото: AP

Украина президенти Володимир Зеленский Россияни музокаралар столига ўтказиш учун бутун дунё унга босим кўрсатиши кераклигини айтди, деб ёзади «Укринформ».

«Бу барча ҳудудлар куч билан босиб олинади, дегани эмас. Менимча, дипломатиянинг кучи ёрдам бериши мумкин», — деди Зеленский ВВС билан суҳбатда. 

Зеленскийнинг фикрича, «жанг майдонида кучсизроқ Россия Украинанинг музокаралар столидаги позициясини мустаҳкамлайди». 

«Россияга босим ўтказиш орқали дипломатик йўл билан музокаралар олиб бориш мумкин, деб ўйлайман», - деди у. 

Украина давлати раҳбари, шунингдек, Ғарб давлатлари ваъда қилган F-16 қирувчи самолётлари ҳалигача Украинага етиб келмаганини айтди.

«18 ой ўтди, самолётлар эса ҳали бизга етиб келмади», деди у ва Украинага топшириб бўлинган нарсалар учун миннатдорчилик билдирди. 

Унинг сўзларига кўра, украиналикларга «Россия ҳаводаги ҳукмронлигини енгиш ва осмонни тўсишда» ёрдам бериш учун янги қирувчилар керак. 

Мавзуга оид