Ўзбекистон | 18:17 / 20.07.2024
16411
10 дақиқада ўқилади

“Пулдан умидимизни узганмиз” — Америка орзусидаги юзга яқин одам фирибгарларга чув тушди

“Work and travel” дастури доирасида АҚШга бориш учун салкам 3 минг доллар тўлов қилган талабалар 7 ойдирки пулини қайтариб ололмаяпти. Уларга виза олиб бериш, Америкага жўнатиб, иш билан таъминлашни ваъда қилган, лекин ваъдасини бажармаган “American Adventure” фирмаси эгалари хорижга қочиб кетгани айтилмоқда.

Одамларга 4 ойлик “work and travel”, яъни АҚШда ҳам ишлаш, ҳам саёҳат қилиш дастурини таклиф қилувчи “American Adventure” МЧЖ юзлаб одамларни чув туширгани айтилмоқда.

Дастурда муваффақиятли қатнашганлар ҳикоясига ишониб, 2 900 ва 3 400 доллардан тўлов қилган фуқаролар пулини қайтариб ололмаяпти.

Ҳозирда ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган. Kun.uz бу ишдаги жабрланувчиларнинг ҳикояларини тинглади.

“Webster университетининг 3-боcқич талабасиман. “American Adventure” ҳақида Instagram орқали билганман, ўзим ҳам “work and travel”га қизиқардим. Уларнинг офиси [Тошкентдаги] “Малика” [савдо мажмуаси]да жойлашган. Кўп блогерлар, йигитлар шу фирма орқали Америкага кетганди. Америкага кетиш мақсадим кучлилиги учун уларга ишониб қолганман.

Кейин уйдагилар билан гаплашиб, келаси ойга тўлов қилишни бошлаганман. Биринчи улар таклиф қилган, яъни биттада 2 900 доллар нақд тўласам, чегирма бўлишини айтишди. 3 ойда тўлайман десанг, 3 400 доллар бўлади, ҳар ой 1 200 доллардан тушади дейишган. 2022 йил 22 ноябрда биринчи тўловни қилганман”, – дейди бухоролик Шаҳзодбек Жўрақулов.

Хоразмнинг Шоввот туманидан бўлган Бобур Зарифбоев ҳам фирма билан шартномани 2022 йилнинг ноябрда имзолагани, чегирма билан нақд пулда 2 900 доллар тўлаганини айтади.

“Сингапур менежментни ривожлантириш институтида ўқийман. “American Adventure” билан шартнома қилган ҳолда, 4 ой давомида шу дастурда иштирок этган курсдошларим бор. Шунга ишониб, мен ҳам шартнома қилганман. Афзал исмли одам билан боғланганман. У Telegram'дан локация, [дастурнинг] пули қанча бўлишини ташлаб берган. [Фирма манзилига] борганман, улар менга дастурга нималар киришини, қандай хизмат кўрсатишларини тушунтириб берган.

Кейин иккинчи кун бориб, тўловини қилиб, шартномага имзо чекканман. Шубҳа бўлмаган, чунки бу фирма билан бошқа йигитлар ҳам кетганини билар эдим”, – дейди у.

“ISFT университетида 4-босқич талабасиман. 2-курсни битирган вақтимда “work and travel” дастури билан кетиш нияти бўлган. У ерга бориб, айланиб, бир-икки сўм ишлашни ўйлаганман. Ҳаракат қилдим, жойлар қидиришни бошладим. 2 та жой “жўнатамиз” деб маъқуллашган, биринчи бўлиб “American Adventure” чиққани ва арзонроқ хизматларини таклиф қилгани учун шунга қизиқиш бўлган. Кейин гаплашилган, улар мени жўнатишларини айтган. 2 900 доллар нақд пул тўланган. Шартнома 2022 йил 12 декабрда имзоланган”, – дейди Тошкент вилояти Қибрай туманида яшовчи Мирқодир Алимов.

Юқорида айтиб ўтилган Афзал исмли шахс “American Adventure” МЧЖнинг 49 фоиз улуши эгаси Нажмиддинов Азимжон Муроджон ўғлининг укаси, Нажмиддинов Афзалжон Муроджон ўғли ҳисобланади. У 2020 йил ноябрда таъсис этилган фирманинг менежери бўлгани айтилмоқда.

Чиппакка чиққан режалар

Жабрланувчиларга кўра, “American Adventure” фирмаси билан шартнома тузган ва алданиб қолганлар сони бутун республика бўйича 90 нафардан ошган.

Ҳар бир одам билан имзоланган шартнома деярли бир хил, фақат исм-фамилия ва қўл қўйилган санаси турлича. Шартномага мувофиқ, фирма 11 та хизмат бўйича мажбуриятни ўз бўйнига олган. Улардан энг асосийлари иш билан таъминлаш, виза олиш ва саёҳат жараёнлари билан боғлиқ. Фирма виза учун номзодларнинг барча ҳужжатларини тайёрлаш, иш берувчилар билан суҳбат уюштириш, саёҳат дастурини ташкил қилиш каби ишларда бош-қош бўлиши керак бўлган. Шунга асосан, 2023 йил бошидан иш берувчилар билан суҳбат бошланган.

“Феврал келгач иш берувчилар билан суҳбат бўлди, март ойида биздан яна 300 доллар олишди. Бошқатдан суҳбат бўлади дейишди, 1 март куни суҳбат бўлган. Мени меҳмонхонага ишга қабул қилишди. Кейин 1 майда Америкадаги иш берувчилар электрон почтамга ёзиб, 10 майгача элчихонадан навбат олиб, бизга шуни ташлашинг керак дейишган. Бўлмаса, менинг ўрнимга бошқа одамни олишларини ёзишган.

Кейин мен фирмага 4-5 май кунлари вазиятни айтганман. Агар 10 майгача навбатни олмасам, шунча қилган ҳаракатим ҳавога айланишини тушунтирганман. Улар бир шифохонада, дам олишда эканини, кейинроқ ишга чиқишини айтишган. Кейин орада бир ҳафта йўқ бўлиб, 9 май куни менга фавқулодда телефон қилишди. “Бугун Озарбойжонга чиқиб кетишингиз керак, биз сизга навбат олиб берамиз, визага кирасиз”, – деди. [Ваҳоланки] Озарбойжонга чиқиш фирма тўловидан ташқари ўзимизнинг ёнимиздан 900 доллар тўлаган ҳолда бўлади, бир ҳафталик турпакет, бориш-келиш – ҳаммаси ичида. Кечқурун 12 да чиқиб кетишимни айтишяпти.

Мен уларга бундай қилолмаслигимни, 4-5 соатда унча пул тополмаслигимни айтганман. Орадан 1-2 соат ўтиб, “бўпти, сенга эртага Мисрдан навбат олдик” деб, манга DS тўлдирилган варақ ташлашган. Қарасам, ҳақиқатан ҳам навбат олинган, у ҳам лекин худди шундай фавқулодда бўлган, 1000 ёки 1 200 доллар тўлашим керак бўлган. Кейин мен 15-20 кун олдин огоҳлантиришларини, шунга қараб пул топишим мумкинлигини айтганман. Шу билан кейин Америкадаги иш берувчилар дастурдан четлаштиришганини маълум қилишган”, – дейди Шаҳзодбек Жўрақулов.

“4 хил жойдан иш таклиф кўрсатилган. Шундан биттасини танлаганман, ундан кейин иш учун суҳбатни кутганман. Суҳбат чўзилган, май ойига тақалиб бораверган. Борган сари шубҳам ортаверган.

Суҳбат тугаганидан кейин жавобини кутиш керак бўлган, 3-4 кунда чиққан. Инглиз тилимдаги муаммо сабаб қилиб кўрсатилиб, рад жавоби келган. Менга меҳмонхонада ишлаш таклифи келганди”, – дейди Мирқодир Алимов.

“Бизда муаммо [2023 йилнинг] феврал-март ойларидан бошланган. Иш ташлашган, мен биттасини танладим, [фирма эгалари] бир ҳафтадан кейин чиқишяпти-да, бу иш бекор қилинганини айтяпти. Кейин бошқа иш ташлашди, ундан ҳам танладим, кейин яна бу ишлар ёпилиб кетганини айтишди. Шу билан 1 ой вақтим кетди. Бу жараён фақат менда эмас, дўстларимда ҳам кузатилган. Улар вақтни чўзишган.

Қолаверса, [фирма эгалари] биз учун Америка элчихонасига навбатга ёзиб бериши керак эди. У ҳам бўлмади. Чунки 2023 йилда виза навбат олиш учун оқим катта бўлган, яъни жой бўлмаган. Биз учун май, июн, июлда ҳам жой топилмади. Кейин бизга Zoom'дан алоқага чиқишди, улар бизга Ўзбекистондан виза олишнинг имконияти бўлмагани сабабли, бошқа давлатлар, мисол учун, Миср, Малайзия, Грузиядан виза олишни таклиф қилишди. У давлатга кетиш учун ҳам харажатлар бўлишини, ўшанда минг доллардан кўпроқ пул ишлатишимиз кераклигини айтишди. Яъни биз шу давлатлардан бирига бориб, 4-5 ҳафта туриб, виза олишимиз керак эди. Биз 2 900 доллар пул тўлаган бўлсак, яна 1,5 минг доллар харажат қилиб, виза навбатига ёзилишимиз керак бўлган. Лекин мен бу нарсага кўнмадим”, – дейди Бобур Зарифбоев.

“6-7 ойдан бери ҳеч кимнинг пулдан умиди қолмади”

Шундай қилиб, юқоридаги ҳолатлар ўтгунча 6-7 ой вақт сарфланади. Қаҳрамонларимиз пулини қайтариб олиш фикрига келиб, МЧЖ раҳбари Маҳмудов Бекзод Алижон ўғли номига ариза ёзишни бошлашади.

Фирма вакиллари тез орада пуллар қайтарилишини, ҳатто шартномада кўрсатилган муддат – 2023 йил декабр ойига ҳам бормаслигини ваъда қилади. Аммо 2024 йил январ ойига ҳам келадики, пуллардан дарак бўлмайди.

“Июлда дастур керакмаслиги, пулимни қайтаришлари бўйича ариза ёздим. Ҳар ой хабарлашиб турдик, пул келмади. Эртага, “завтра, завтра” деб бизни “завтрак”лар билан боқишди. Охири 1 декабр ҳам келди, пул ҳозиргача йўқ. 2024 йилга ҳам ўтдик, биз ёзсак, жавоб келмайдиган ҳам бўлиб қолди” , – дейди Зарифбоев.

“Охирида телефонлар бўлган, кўп қилганмиз. “Ака, тўхтаб туринг, бизнинг устимиздан кўпчилик ёзяпти, сиз ёзмай туринг”, деб муҳлат сўраган. 15 январда пулни қайтаришини айтган, ундан кейин ҳам бир ҳафта ўтди. Шу билан 102 га телефон қилганман.

Юнусобод ИИБга бориб ариза ёзганман, кейин у ерда расмларини кўрсатиб, кўп одамлар мурожаат қилганини айтишганди. Ўша вақтда мен 36-бўлиб боргандим, ҳозирга келиб уларнинг сони 90 нафардан ошган, адашмасам”, – дейди Алимов.

“Менимча, 6-7 ойдан бери ҳеч кимнинг пулдан умиди қолмади, чунки [фирма] одамлари Малайзияда мазза қилиб юрибди, биттаси қочиб кетган. Биттаси Тошкентда топилмайди. Қандай қилиб Ўзбекистонда бўлиб турган шахсни тополмаслик мумкин? Ваҳоланки, уй-жойлари, ота-онасининг, ишхонасининг маълумотлари маълум бўлса-ю, шу одамни топа олишмаса”, – дейди Жўрақулов.

Гумондорлар қидирувга берилган — ИИВ

Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шохруҳ Ғиёсовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, ҳолат юзасидан шу йил 16 феврал санасида “American Adventure” МЧЖ ва раҳбарларига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Терговни Юнусобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими олиб бормоқда.

Икки нафар шахсга эҳтиёт чораси сифатида сиртдан қамоқ қўлланиб, қидирув эълон қилинган.

Мавзуга оид