Жаҳон | 21:03 / 21.07.2024
45071
12 дақиқада ўқилади

Лотереяга “ютилган” Волга ёхуд олти кишининг бошига етган шов-шувли қотиллик тарихи

1970-йилларнинг иккинчи ярмида Қирғизистон пойтахтида яшовчи шахс ютуқли сохта лотерея чипталарини тайёрлаб сотади. Сохта чипталардан бири уч кишининг ўлимига сабаб бўлади. Қотил ушланади, бироқ сохта чипта ясаган одамни топиш осон бўлмайди. Милиция у ҳақда маълумот олганда жиноятчи фамилиясини ўзгартириб, қамоқхонага яширинганди.

Фото: Kun.uz

Ҳодисадан олдинги вазият

1970-йилларда СССРда энг қиммат автомобил “Волга ГАЗ-24” лотереяга ютуқ қилиб қўйиларди. Ҳукумат ГАЗ-24ни лотереяга қўйиб жуда катта фойда оларди. Чунки арзимаган 30 тийинлик лотереяни сотиб олиб, 20-25 минг рубл нархланадиган автомобил ютишни хоҳлайдиганлар жуда кўп эди.

1977 йилда СССРда шов-шувли қотилликлардан бири содир бўлади. Сабзавот омборининг раҳбарини олиб юрадиган ҳайдовчи, унинг онаси ва боласини қотиллик аломатлари билан топишади.

Қотиллик тафсилотлари

1977 йил қиш кунларининг бири, тунги соат 2:00 лар атрофида Москвадаги милиция бўлимининг навбатчилик қисмида телефон жиринглайди. Ходим гўшакни кўтарганида ғазабланган киши қўшнисиникида шовқин бўлаётгани ва ухлашга имкон беришмаётганидан шикоят қилади.

Манзилга етиб борган милиция ходимлари қўшнининг уйи қулфланмаганини кўриб ҳайрон бўлишади. Ичкарига киргач, қонга беланиб ётган учта жасадга дуч келишади. Жасадларнинг шахси аниқланганда, улар уй эгаси Вадим Парфенов, унинг кекса ёшдаги онаси ва тўнғич ўғли Антон Парфенов экани ойдинлашади.

Милиционерлар квартирани кўздан кечираётиб хоналарнинг бирида йиғи овозини эшитиб қолишади. Диванни кўтариб қарашганда унинг остида ёш бола йиғлаб ўтирган эди.

Милиция ходимлари диван остидан лотерея чипталари ва 7 минг рубл пул солинган пакет ҳам топишади. Бола Вадим Парфеновнинг 5 ёшли ўғли Алексей Парфенов эди.

Алексей жуда қаттиқ қўрқувдан гапира олмас, тинмай йиғларди. Милиция етиб келганча бола диван остидан чиқмоқчи бўлган, бироқ ўриндиқни кўтара олмаган. Жумбоқ шу эдики, бола диван остига қандай кириб қолган ёки ким киритиб қўйган?

Бола бироз тинчигандан сўнг отаси ва акаси билан бекинмачоқ ўйнаганини айтади. Акаси Антон тескари қараб санаётганда Алексейнинг диван остига яширинишига отаси ёрдам берган. Алексей яширинган маҳал эшик қўнғироғи жиринглаган.

Номаълум кимса кириб Вадим Парфеновга “Лотерея чиптасида муаммо бор. Хўжайин менга пулни қайтариб олишни буюрди”, дейди. Сўнг оила бошлиғидан пулларни қайтаришни талаб қилади.

Номаълум кимсанинг талабини эшитган Вадимнинг онаси милицияга қўнғироқ қилиш учун телефонга ёпишади. Бироқ номаълум шахс уни пичоқлайди. Сўнг гувоҳ қолдирмаслик учун Вадим ва Антонни ҳам ўлдиради.

Диван остида бўлган Алексей ўша ерда қолиб кетади. У ўзини қутқаришларини сўраб диван остида турган болға билан ёғочга урган ва қўшни шундан безовта бўлиб милиция чақирган.

Парфеновлар хонадонидаги тергов ҳаракатлари эрталабгача, оила бекаси Елена уйга қайтгунга қадар давом этади. Елена жасадларни кўриб ҳушидан кетади ва шифохонага ётқизилади.

Сохта лотерея чиптаси ва қотилни ушлаш

Милиция қотилликнинг лотерея чиптаси билан боғлиқлигини тахмин қилиб қотилни қидиришни шу йўналишда бошлайди. Милициянинг социалистик мулкни ўғирлашга қарши кураш бўлими (ОБХСС) яширинча “Давлат белгиси” (Госзнак) корхонаси пул ва қимматли қоғозларни чоп этиш бўлими ишчиларини текшира бошлайди. Бироқ бу ҳеч қандай натижа бермайди.

Вадим Парфенов вафотигача сабзавот омбори директорига ҳайдовчи бўлиб ишлаган ва 100 рубл атрофида маош олган. Шу сабабли милицияни унинг уйидан топилган 7 минг рубл қизиқтиради. Хўш, оддий ҳайдовчининг уйига бунча катта пул қаердан келиб қолган?

***

Бу саволга Вадим Парфеновнинг хотини жавоб беради. Маълум бўлишича, Вадимнинг хўжайини унга машинани янгилаш кераклигини, мабодо сотиладиган ГАЗ-24 машинаси ҳақида эшитиб қолса хабар беришини тайинлайди.

Кунларнинг бирида Вадим хотини билан кичик ошхоналардан бирига овқатланиш учун кирганда уларнинг столига бир одам келиб ўтиради. Сўнг Вадимга лотерея ўйнаб, Волга ГАЗ-24 машинасини ютганини айтади.

Ўша пайтларда ГАЗ-24 машинасини 20-25 минг рублдан камга олиб бўлмасди. Нотаниш эркак эса Вадимга ютуқли чиптани 15 минг рублга сотиб олишни таклиф қилади.

Вадим ва унинг хотини ишонмагач, йигит ёнидан газета чиқаради ва қўлидаги лотерея чиптасини ундаги ютуқ чиққан чипталар рақамига солиштириб кўрсатади. Ютуққа ҳақиқатан ҳам ГАЗ-24 чиққанди.

Йигит бу билан кифояланмай, Вадимга омонат кассасига бориб омадли чиптанинг ҳақиқийлигини текширишни таклиф қилади. Парфенов рози бўлади. Омонат кассада чипта ютуқли эканини тасдиқлашгач, Вадим унга ишонади.

Шундан сўнг Вадим Парфенов ютуқли чиптани янги машина излаётган бошлиғига 25 минг рублга сотишга қарор қилади.

Парфенов ютуқли чиптани бошлиғига 25 мингга эмас, 22 мингга сотишга муваффақ бўлади. У 15 минг рублни чиптани сотган йигитга беради. 7 минг рубл ўзида қолади. Милиция диван остидан топган 7 минг рубл ўша пул эди.

Калаванинг учини топган милиция дарҳол сабзавот омбори раҳбарини қўлга олиш операциясини ишлаб чиқади. Ўша куни ходимлардан бири фаррош қиёфасига кириб, омбор атрофини супура бошлайди. Бошқаси эса хизмат машинаси ҳайдовчисига айланади.

***

Парфеновларникида қотиллик қилган шахс ўзини қидира бошлашганини ва омбор мудири туфайли қўлга тушиб қолиши мумкинлигини биларди. Шу сабабли у буюртмачини йўқ қилишга қарор қилади.

Ёлланма қотил ягона гувоҳ – омбор мудирини ўлдириш учун келганда милиция ҳам уни қўлга олиш учун операция ўтказаётганини билмасди. Омбор мудири қайсидир ташкилотга бориш учун ташқарига чиқаётганда дастлаб қотилга рўпара келади ва қўрқиб қочади.

Қотил унга пичоқ билан зарба беради, бироқ мўлжал сал нотўғри кетади. Милиционерлар уни қўлга олишади. Унгача қотил милиция ходимларидан бирини ярадор қилишга улгуради.

Терговда омбор мудири чипта сохта бўлиб чиққанини, шундан сўнг пулларини қайтариб олиш учун собиқ жиноятчини ёллаганини, у эса Парфенов, унинг онаси ва ўғлини пичоқлаб ўлдирганини тан олади.

Сохта чиптани ким ясаган?

Энди бошқа масала очиқ қолаётганди – Парфеновга сохта чиптани сотган шахс ким? Ана шу жойда тергов боши берк кўчага кириб қолади. Омбор мудирига чиптани сотган Парфенов вафот этган. Лекин сохта чипта тайёрловчи шахсни топиш керак.

Энг аввал сохта чипта СССРдаги энг яхши кимё лабораторияда текшириб кўрилади. Чипта аслидагидан жуда кам фарқ қиладиган даражада тайёрлангани аниқланади.

Фото 002

Шунда милиция чиптани тайёрлаган шахс “Давлат белгиси” корхонасида ишлаган ёки ҳозир ҳам ўша ерда ишлайди деган хулосага келади. Бироқ барибир сохта лотерея чиптасини ясаган одамни топиб бўлмайди.

Сохта лотерея чипталарини ясаган одам Қирғизистон пойтахти Фрунзе (ҳозирги Бишкек) шаҳрида яшовчи Николай Гришанин эди.

Қобилиятли кимёгар-биолог бўлган Николай доимий равишда ўзидан истеъдодсиз бўлган ҳамкасбларининг соясида қолиб кетарди.

Ёш олим ўзини истеъдодли деб ҳисоблар, эътироф ва шарафни орзу қилар, аммо доим бунинг акси бўларди. Илмий дунёда Николайнинг тадқиқотлари ҳеч кимни қизиқтирмас ва баъзида очиқ масхараларга сабаб бўларди.

Ўша пайтда Николай қўшимча шуғулланиш ва тадқиқотлар ўтказиш учун уй лабораториясини ташкил қилади. У фақат шу ерда ўзини бемалол ҳис қиларди.

Аввалроқ бир муддат “Давлат белгиси” корхонасида ишлаган Николай пул, қимматли қоғозлар ва лотерея чипталарини чоп этиш технологиясини яхши ўрганади.

***

Кунларнинг бирида у лотерея чипталарини сохталаштиришга қарор қилади. Бироқ бу иш осон эмасди. 6 йил давомида уйидаги лабораторияда лотерея чипталарини аслига ўхшатиб ясашга ҳаракат қилади ва бир кун мақсадга етади.

Николай бир неча марта ютуққа ГАЗ-24 чиққан сохта лотерея чипталарини тайёрлаб сотади. Ҳеч ким ундан гумон қилмайди. Унинг навбатдаги “харидори” москвалик Вадим Парфенов бўлади.

Москвада сохта чипта туфайли уч киши ўлдириб кетилгач, СССР ички ишлар вазирлиги бу сафар лотерея натижалари эълон қилинган вақтдан бошлаб мамлакатдаги барча жамғарма кассаларини кузатувга олади.

Милиция сохта чипта сотиб олган шахс уни текшириб кўриш учун жамғарма кассага олиб келишига ишонарди. Амалда ҳам шундай бўлиб чиқади.

Вазирлик кўплаб ходимларни жалб қилиб, жиноятчини қидираётганда Николай Гришанин Гуржистонда жиноий авторитетлардан бирига навбатдаги “ютуқли” сохта чиптани сотаётган эди.

Жиноий авторитет чиптани текшириб кўриш учун ёрдамчисини жамғарма кассага юборади. У ерда ёрдамчини милиция тутиб олади. Буни эшитган Гришанин Қирғизистонга қочади.

Фош бўлиш ва жазо

У милиция ўзини Фрунзега ҳам қидириб келишини биларди. Шу сабабли уйга қайтгач кейинги ҳаракатлар режасини туза бошлайди ва биринчи навбатда уй лабораториясини йўқ қилади.

Бу пайтда СССР ички ишлар вазирлиги “Давлат белгиси” корхонаси собиқ ишчиларидан бири 32 ёшли Николай Гришанин Қирғизистонда яшашини аниқлаб, уни тутиш чораларини бошлаб юборганди. Фрунзени тит-пит қилиб ҳам Николай Гришанинни топа олмайди.

***

Гришанин бу пайтда фамилиясини Егоров деб ўзгартиришга ва ўзига қалбаки паспорт ясаб олишга улгурганди.

Фамилиясини ўзгартирган Николай ўйлаб-ўйлаб милиция қидирувидан ва оғир жазодан (унга ўлим жазоси берилиши ҳам мумкин эди) қутулиб қолишнинг бирдан бир йўли қамоқ деган хулосага келади.

Кунларнинг бирида Фрунзе шаҳрида майда безорилик содир бўлади. Маст эркак юк аравасини айлантириб, ўткинчиларга бепул саёҳат қилишни таклиф қилади.

Одамлар милицияга қўнғироқ қилишади. Ходимлар етиб келганда маст эркак дўкон ойнасини синдириб, милиционерларнинг бирига енгил жароҳат етказади.

Безорилик қилган шахс бўлимга олиб борилади ва унга “Николай Егоров” сифатида жиноят иши қўзғатилади.

Суд эркакни тартибни бузгани, социалистик мулкка зарар етказгани ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига тан жароҳати етказгани учун 2 йилга озодликдан маҳрум қилади.

***

Ўша пайтда эркакни қўриқлаб турган милиционерлар ва судя ўз қаршисида лотерея чипталарини қалбакилаштиргани учун СССР бўйлаб қидирилаётган одам турганини билмасди.

Николай Гришаниннинг расми ва қидирилаётгани ҳақидаги эълонлар Фрунзе кўчаларига илиб ташланганда у ўзи саҳналаштирган жинояти учун қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган эди.

***

Кунлардан бир куни уни қамоқхонада бошқа махбуслар таниб қолишади ва назоратчига топширишади.

Текширувлардан сўнг Гришанинни Москвага олиб кетишади. Бир муддат давом этган терговдан сўнг суд жараёни бўлиб ўтади.

Николай 150 минг рубллик социалистик мулкни ўғирлаганликда айбдор деб топилади ва ўлим жазосига ҳукм қилинади (1970-йилларда давлатнинг 10 минг рублдан ортиқ пулларини ўзлаштирганлар ўлимга ҳукм қилинган). Парфеновлар оиласи аъзоларининг қотили ва уни ёллаган омбор мудири ҳам олий жазо олади.

Терговчилар Гришанинни тергов қилаётганда, суд жараёнларида ва қатл этилишидан аввал ундан сохта чипталар сотувидан тушган пуллар ҳақида сўрашади. Николай “Ҳаммасини сарфлаб юборганман” деб жавоб беради.

Аслида жуда катта пулни сарфлаб юборишнинг иложи йўқ эди. Терговчилар минг уринмасин, Николай пулларни қаерга яширганини айтмайди. Шу тариқа уларнинг қаерда экани мавҳумлигича қолади.

Бошқа кўплаб жиноятлар каби сохта лотерея чиптаси ортидан содир бўлган қотиллик тафсилотлари СССР тарқаб кетгандан сўнг оммага ошкор бўлади.

Россиялик киноижодкорлар Николай Гришанин ҳақида сериал ишлаган. Премераси 2023 йил 13 мартда бўлиб ўтган сериалнинг бош ролларини Дмитрий Миллер ва Олга Веникова ижро этган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид