22 июлнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Чорвоқ сув омборида тартибларга беписандлик ортидан рўй берган фожиа, олийгоҳларнинг кундузга бўлими учун тасдиқланган қабул квоталари, Ўзбекистоннинг ярим йиллик ташқи савдо айланмаси —кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Чорвоқдаги фожиа
Чорвоқда бахтсиз ҳодиса оқибатида икки киши ҳалок бўлди.
Сув ҳавзасига дам олиш мақсадида келган зангиоталик 19 ёшли йигит скутерни ҳайдаш вақтида бошқарувни эплай олмай, қаршисидаги катамаранга бориб урилган. Оқибатда катамаранда бўлган 2 нафар Фарғона вилоятидан келган фуқаролар воқеа жойида вафот этган.
Воқеа 20 июл куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ сув омборининг Бурчмулла сув ҳавзасида содир бўлган.
Бунинг оқибатида катамаранда бўлган 2 нафар Фарғона вилоятидан келган фуқаро тан жароҳати олган. Ушбу бахтсиз ҳодиса оқибатида фуқаролар олган тан жароҳати туфайли воқеа жойида вафот этган.
Бош прокуратура хабарига кўра, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ушбу фожиали воқеадан сўнг Чорвоқ сув омборида барча турдаги моторли қайиқлардан фойдаланиш 2020 йилнинг 10 июлидан бошлаб тақиқлангани эслатилди. Ҳукумат қарорига ҳеч ким риоя қилмасдан келган.
Олийгоҳларга қабул квоталари
Олий ўқув юртларининг кундузги бўлимларига қабул квоталари тасдиқланди. Бакалавр ва магистратура қабули учун жами 44 минг 203 та давлат гранти ўринлари ажратилди.
Президентнинг 2024 йил 19 июлдаги 36-сонли фармойиши билан 2024/2025 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тасдиқланди. Жумладан:
– бакалавр кундузги таълим шаклига – 34 минг 838 нафар;
– магистрлар тайёрлаш бўйича – 9 минг 365 нафар грант ўринлари ажратилди.
Президент фармойиши билан тасдиқланган жорий йилги квоталарнинг аввалгиларидан бир қанча фарқи бор:
Биринчидан, квоталар ОТМ кесимида эмас, балки йўналишлар кесимида эълон қилинди;
Иккинчидан, квоталар фақат давлат гранти учун эълон қилинди, тўлов-контракт учун йўқ;
Учинчидан, квоталар фақат кундузги таълим шакли учун эълон қилинди, сиртқи, кечки ва масофавий учун йўқ.
Саудия компанияси шамол электр станциясидаги улушини сотди
Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси Бухорода қурилаётган Баш ва Жанкелди шамол электр станцияларидаги 35 фоиз улушини Хитойнинг China Southern Power Grid International компаниясига сотди.
ACWA Power компанияси Бухоро вилояти Пешку ва Ғиждувон туманларида қурилаётган, ҳар бири қуввати 500 MW бўлган – Баш ва Жанкелди шамол электр станцияларидаги 35 фоиз улушини сотиш учун битим тузди. Битим қиймати очиқланмаган.
Бухоронинг икки туманида шамол электр станцияларини қуриш бўйича президент фармони 2021 йилда имзоланган. Бу икки лойиҳа қуввати жами 1000 MWга тенг бўлиб, ACWA Power уларнинг қурилишини 2022 йилда бошлаган. Шамол электр станциялари 2024 йилда фойдаланишга топширилиши керак эди. Аммо ҳозирча топширилгани йўқ.
Ўзбекистоннинг ярим йиллик ташқи савдо айланмаси
Статистика агентлиги Ўзбекистоннинг 2024 йил январ-июн ойларидаги ташқи савдо айланмасига доир маълумотни тақдим этди.
Қайд этилишича, ҳисобот даврида республика ташқи савдо айланмаси 31,8 млрд долларга етган. Бунда экспорт ҳажми 13 млрд доллар, импорт ҳажми эса 18,8 млрд доллар. Ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда экспорт ҳажми 5,5 фоизга, импорт ҳажми 10,6 фоизга ошган. Ташқи савдо салбий салдоси эса 5,8 млрд долларга етган.
Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шериги сифатидаги ўрнини сақлаб қолган бўлса-да, бу борада Россиянинг улуши ошиб боряпти. Ҳисобот даврида Хитой билан ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 5,9 млрд долларга, Россия билан 5,7 млрд долларга етган.
2024 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида энг юқори улушга эга бўлган топ-10 давлат — Хитой ($5,89 млрд), Россия ($5,75 млрд), Қозоғистон ($1,91 млрд), Туркия ($1,43 млрд), Жанубий Корея ($1,06 млрд), Туркманистон ($614 млн), Франция ($563 млн), Германия ($506 млн), АҚШ ($463 млн) ва Афғонистон ($461 млн).
Сейсмик заиф бино-иншоотлар қанча?
Айни пайтда Ўзбекистонда 42 мингга яқин кўп квартирали уйлар мавжуд бўлиб, уларнинг 30 795 таси, яъни 73 фоизи 1991 йилгача қурилган.
Бу рақамлар “Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳасида тилга олиб ўтилган.
Уларнинг 1032 таси инструментал техник кўрикдан ўтказиш талаб этиладиган, 223 таси сейсмик заиф бино-иншоотлар эканлиги аниқланган.
Шу боис, реновация асосида уй-жой фонди объектларини меъморий, иқтисодий, ижтимоий ва экологик жиҳатдан янгилаш (реновация қилиш) зарурияти юзага келмоқда, дейилади лойиҳада. Бу эса шаҳарлардаги эски кўп қаватли турар жойларнинг бузилиши ва ўрнига янгиси қурилишини англатади.
Мавзуга оид
21:14 / 23.12.2024
23 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:16 / 20.12.2024
20 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
20:30 / 19.12.2024
19 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:10 / 18.12.2024