Жаҳон | 10:21 / 22.07.2024
2831
2 дақиқада ўқилади

Белгия-Исроил учрашуви хавфсизлик билан боғлиқ вазият туфайли Венгрияга кўчирилди

Белгия ўз миллий жамоасининг УЕФА Миллатлар лигаси турнири доирасидаги Исроилга қарши ўйинини ўтказишдан бош тортди ва буни ўйин пайтида хавфсизлик билан боғлиқ вазиятдан хавотирлари билан изоҳлади. Учрашув Венгрияда бўлиб ўтади ва унга чипталар сотилмайди.

Фото: Thilo Schmuelgen/REUTERS

6 сентябр куни Венгриянинг Дебрецен шаҳридаги «Надердеи» стадионида УЕФА Миллатлар лигаси турнири доирасидаги Белгия ва Исроил жамоалари ўртасида футбол учрашуви бўлиб ўтади. Учрашув ёпиқ эшиклар ортида ўтказилади - яъни унга чипталар сотилмайди. Бу ҳақда Белгия Қироллик футбол ассоциацияси (KBVB) маълум қилди.

Дастлаб ўйин Брюсселда, қирол Бодуэн номидаги стадионда бўлиб ўтиши режалаштирилган эди. Бироқ Белгия пойтахти расмийлари Ғазо секторида Исроил ва ҲАМАС ўртасида давом этаётган уруш фонида «жуда хавфли ўйинни» ўтказишдан бош тортди. Шаҳар мэрияси спорт тадбири тартибсизликларга айланиб кетиши мумкин бўлган норозилик намойишларига сабаб бўлишидан хавотир билдирди. 

KBVB учрашувни Брюсселдан Белгиянинг бошқа шаҳрига кўчирмоқчи эканликларини билдирди. Бироқ, мамлакат бўйлаб тегишли стадионларга эга бўлган шаҳарлар мэрлари ҳам хавфсизлик нуқтайи назаридан ўйинни ўтказишдан бош тортдилар. УЕФА воситачилигида учрашувни Венгрияда ташкиллаштириш бўйича келишувга эришилди.

ЕЧ саралаш ўйини олдидан Брюсселдаги теракт

2023 йил 17 октябр оқшомида Белгия пойтахти шимолида икки Швеция фуқароси отиб ўлдирилган, шундан сўнг шаҳарда террорчилик таҳдидининг энг юқори даражаси жорий қилинган эди. Ҳужумчи эртаси куни қўлга олиш пайтида отиб ўлдирилган. Прокурорлар унинг Тунисдан эканлигини ва ИШИД террорчилик гуруҳидан илҳомланганини айтди. 

Ҳужум Белгия ва Швеция жамоалари ўртасидаги футбол бўйича 2024 йилги Европа чемпионати саралаш ўйини бошланиши арафасида содир бўлган. Натижада, отишма содир бўлган жойдан 5 км узоқликда жойлашган қирол Бодуэн номидаги стадионда ўйин ҳужум юз бергани маълум бўлганидан кейин, иккала жамоа ва маҳаллий полиция идоралари билан маслаҳатлашганидан сўнг 1:1 ҳисобида тўхтатилди.

Мавзуга оид