Жамият | 17:22 / 22.07.2024
22217
2 дақиқада ўқилади

Рекламасида Озодбек Назарбеков кўриниш берган дўкон қонунни бузган деб топилди

“Kingsman Uzbekistan” бренди остида фаолият юритувчи “Boutique” МЧЖ рекламада товарлари мансабдор шахс – маданият вазири Озодбек Назарбеков томонидан маъқулланганини кўрсатгани учун реклама қонунини бузган деб топилди. Компания молиявий жарима тўлайди. Маданият вазири эса ушбу кейсда айбсиз деб баҳоланди.

Фото: Видеодан кадр

Аввалроқ маданият вазири Озодбек Назарбеков Kingsman Uzbekistan кийимлар дўкони реклама ролигида кўриниш бергани, ушбу ҳолат бўйича рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилаётгани хабар қилинганди.

Қўмита берган қўшимча ахборотга кўра, махсус комиссия томонидан тегишли тартибда иш қўзғатилган. Натижада Kingsman Uzbekistan бренди остида фаолият кўрсатувчи “Boutique” МЧЖ “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддасини бузган деб топилган.

Ушбу моддага асосан, рекламада товар давлат органлари ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан маъқулланганини кўрсатиш бўйича тақиқ ўрнатилган.

“Натижада, ушбу корхонага нисбатан белгиланган тартибда молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинди ва қонунбузилиши ҳолатини бартараф этиш ва келгусида такрорламаслик юзасидан кўрсатма берилди”, - дейилади расмий хабарда.

Маълум қилинишича, ушбу рекламадаги иштироки туфайли маданият вазири Озодбек Назарбеков айбдор эмас.

“Махсус комиссия томонидан ишни кўриб чиқиш жараёнида Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг рекламада иштирокида реклама берувчи, реклама тайёрловчи ёки реклама тарқатувчи сифатидаги аломатлар аниқланмади. Озодбек Назарбеков томонидан рекламани ўз шахсий ижтимоий тармоқлари ва бошқа расмий тармоқлар орқали тарқатмагани туфайли “Реклама тўғрисида”ги қонунига асосан, рекламанинг айланиши соҳасидаги иштирокчиси сифатида баҳоланмайди”, - дейилади хабарда.

Аввалроқ маданият вазирлиги ҳолат юзасидан расмий баёнот бериб, Назарбековнинг рекламадан ҳеч қандай моддий манфаатдорлиги ёки реклама орқали наф олиш мақсади кўзланмаганини маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, Рақобат қўмитаси реклама қонунчилигини бузгани учун “Корзинка” супермаркетлар тармоғи ва Ипотекабанкка иш қўзғатилганини маълум қилганди. Қўмитанинг махсус комиссияси уларга нисбатан белгиланган тартибда молиявий жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилган

Мавзуга оид