Жаҳон | 09:11 / 22.07.2024
5381
3 дақиқада ўқилади

Юзлаб намойишчилар Исроил бош вазирини АҚШга бормасликка чақирди

Бен-Гурион аэропортида тўпланган намойишчилар Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни ҲАМАС гаровга олганларни озод қилиш бўйича келишувга эришилмагунча, АҚШга учмасликка чақирди.

Фото: AP / Ohad Zwigenberg

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг АҚШга кетишидан бир кун олдин Тел-Авивдаги Бен-Гурион аэропортига юзлаб намойишчилар йиғилди. Бу ҳақда 21 июл, якшанба куни Исроилнинг Haaretz газетаси хабар берди.

Намойишчилар бош вазирни ҲАМАС ҳаракати билан Ғазо секторида гаровга олинган исроилликларни озод қилиш бўйича келишувга эришилмагунча Вашингтонга учмасликка чақирди. Хабар қилинишича, намойишчилар орасида ўғирлаб кетилган исроилликларнинг қариндошлари ҳам бўлган. 

Бинямин Нетаняҳунинг Вашингтонга ташрифи 

Аввалроқ Исроил бош вазири АҚШ пойтахтига 22 июл куни келиши режалаштирилгани ҳақида хабар берилганди. Шу куни Нетаняҳу АҚШ президенти Жо Байден билан учрашади, шунингдек, Конгресс олдида нутқ сўзламоқчи. 

Исроил гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокараларни давом эттирмоқда 

21 июл куни dpa Исроил гаровга олинганларни озод қилиш бўйича ҲАМАС билан билвосита музокараларнинг янги босқичи учун Қатарга делегация юбориши ҳақида хабар берган эди. Делегация 25 июл куни Қатар пойтахти Доҳага жўнаб кетади ва унга Исроил разведка агентлиги - «Моссад» директори Давид Барнеа бошчилик қилади. ОАВ хабарига кўра, Исроил бош вазири ўзининг энг яқин маслаҳатчилари билан бир неча соатлик маслаҳатлашувлардан сўнг ушбу делегацияни юборишга қарор қилди. 

Маълумотларга кўра, Барнеа ўтган ҳафта Қатарга учиши керак эди, аммо унинг сафари қолдирилди. Шунингдек, АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) раҳбари Уилям Бернс Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокараларда иштирок этиш учун Доҳага бориши маълум қилинди. Қатар ва АҚШ Миср билан бирга бу музокараларда воситачилик қилмоқда.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди. 

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 38 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид