Иқтисодиёт | 08:02 / 23.07.2024
10164
3 дақиқада ўқилади

Олти нафар инвестор International меҳмонхонасини сотиб олишга қизиқиш билдирди

Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкентдаги International меҳмонхонаси 100 фоиз давлат улушини хусусийлаштириш бошланганини эълон қилганди. 6 нафар халқаро инвестор томонидан меҳмонхонани сотиб олиш бўйича қизиқиш билдирилди. 

Фото: ihthotel.uz

International Hotel Tashkent меҳмонхонасидаги давлат улушини хусусийлаштириш жараёнининг активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Express of interest) босқичи бошланган ва аризалар жорий йил 15 июлга қадар қабул қилинган. Мазкур хусусийлаштириш жараёнлари Deloitte компанияси томонидан хусусийлаштириш бўйича маслаҳатчи сифатида олиб борилмоқда.

Хусусийлаштириш жараёнларининг мазкур активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Express of interest) босқичи доирасида маркетинг ишлари амалга оширилди, жумладан, инвестиция тизерлари Deloitte халқаро алоқалари орқали салоҳиятли инвесторларга юборилиб индивидуал мулоқотга киришилган.

Натижада, 2024 йил 15 июлга қадар дунёнинг турли мамлакатларидан, жумладан, Араб давлатлари, Шарқий Осиё ва Европа мамлакатларидан 6 нафар халқаро инвестор томонидан сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризалар келиб тушган. 

Барча аризалар, ушбу босқичда белгиланган мезонларга, хусусан:

  • давлат улушини сотиб олиш учун тўловга қобилиятлилиги;
  • хусусийлаштириш жараёнида иштирок этилишини тақиқлаши мумкин бўлган маъмурий, ҳакамлик ёки бошқа суд жараёнларининг йўқлиги;
  • 660-II сонли “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунга риоя этилиши;
  • талабгор (консорсиум ҳолатида, консорсиум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг тегишли шахсларидан ҳеч бири Европа Иттифоқи ва АҚШнинг, шунингдек, йирик халқаро молия институтларининг (Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки) санкциялари рўйхатига киритилмагани керак.

Ўрганиш натижасида барча аризалар юқоридаги мезон талабларига мувофиқлиги аниқланди. Шунга кўра барча 6 нафар талабгорлар, “Мажбуриятга эга бўлмаган таклиф (NBО)”ни тайёрлаш учун ушбу босқичини бўйича батафсил маълумотларни ўз ичига олган тегишли жараён хати орқали индивидуал равишда юборилди.

Сотувга қўйилган меҳмонхона 232 та хона, 7 та конференция зали, 2 та ресторан, барлар, ёзги терраса, фитнес-клуб ва бассейнни ўз ичига олади. Умумий 3 га ер майдонида 44 903 кв метр бино ва иншоотлар жойлашган.

Мавзуга оид