Россия ва Эрон Каспий денгизида қўшма машғулотлар ўтказмоқда
Каспий денгизида Россия-Эрон қутқарув машғулотлари давомида шикастланган кемаларга ёрдам кўрсатиш ва уларни тортиб келиш амалиёти ўтказилмоқда, деб хабар берди Россия Мудофаа вазирлиги.
Россия ва Эрон Каспий денгизида қўшма машғулотларни бошлади. Машқларда Каспий флотилиясининг «СБ-45» қутқарув кемаси иштирок этмоқда, деб хабар берди Россия Мудофаа вазирлиги 22 июл, душанба куни Telegram’да.
Машқлар давомида «шартли шикастланган кемага ёрдам кўрсатиш, сувда экипажни қидириш ва қутқариш», шунингдек, «фавқулодда кемани тортиб келиш маҳорати» ишлаб чиқилмоқда, деб таъкидлади Россия идораси. Баёнотда, шунингдек, «СБ-45» буксири бошқа нарсалар қатори, кемалар ва қирғоқ иншоотларидаги ёнғинларни ўчириш, одамларни эвакуация қилиш, 60 метргача чуқурликда шўнғиш ишларини бажариш, денгиз юзасидан нефт маҳсулотларини йиғиш, қидирув ва тадқиқот ишларини бажаришга мўлжаллангани айтилади.
Теҳрон: иштирокчилар орасида Қозоғистон, Озарбойжон ва Туркманистон бор
Ўз навбатида, Теҳрон Россия Федерацияси билан қўшма манёврлар дастурига тактик машқлар, қутқарув операцияларини ўргатиш ва қароқчиларга қарши курашиш бўйича ҳаракатлар киритилганини маълум қилди. Каспий денгизидаги машғулотларда Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг ҳарбий кемалари иштирок этмоқда, деди Эрон ҳарбий-денгиз кучлари вакили «ИСНА» агентлигига.
Айни пайтда эронлик капитан Аббос Ҳасанийнинг Mehr нашрига айтишича, манёврлардан мақсад минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва иштирокчи давлатларнинг қидирув-қутқарув ишларига тайёрлигини оширишдир. Улар Эрон ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, бошқа иштирокчилар орасида Қозоғистон, Озарбойжон ва Туркманистон ҳарбийлари ҳам бор.
Аввалроқ Россия Мудофаа вазирлиги июл ойида Эрон, Россия ва минтақадаги бошқа давлатлар иштирокида Каспий денгизида кўп томонлама қутқарув машғулотлари ўтказилишини маълум қилганди. «Каспийбўйи давлатлари ўртасидаги денгиз ҳамкорлиги доимий ва дўстона характерга эга», дейилади хабарда.