Жаҳон | 14:49 / 23.07.2024
3790
3 дақиқада ўқилади

Хитой: Фаластин гуруҳлари муваққат ҳукумат бўйича келишиб олди

Фаластин гуруҳлари Хитойда Ғазо секторида урушдан кейинги ҳукумат тўғрисида келишиб олдилар, деди Хитой ташқи ишлар вазири Ван И. Имзолаганлар орасида - ҲАМАС вакиллари, шунингдек, ФАТҲ партияси ҳам бор.

Фото: David Canales / Keystone / Global Look Press

Хитойда бўлиб ўтган музокаралар чоғида 14 та Фаластин гуруҳи Ғазо секторида жанговар ҳаракатлар тугаганидан сўнг «келишув учун миллий муваққат ҳукумат» тузиш бўйича келишувга эришди. Пекин декларацияси имзолангани ҳақида 23 июл, сешанба куни Хитой ташқи ишлар вазири Ван И эълон қилди.

Хитой маълумотларига кўра, имзо чекканлар орасида ҲАМАС вакиллари, шунингдек, унинг рақиби - Фаластинни озод этиш ташкилоти (ФОЭТ)даги энг кучли фракция ФАТҲ бор. ФАТҲ Исроилнинг мавжуд бўлиш ҳуқуқини тан олган ва аксарият Ғарб давлатларида фаластинликлар вакили сифатида кўрилади.

Пекин: Хитой можарони ҳал қилишда конструктив рол ўйнашга тайёр 

Ванг И, шунингдек, ярашув «Фаластин гуруҳларининг ички иши», аммо «халқаро ҳамжамият кўмагисиз унга эришиб бўлмайди» деб таъкидлади. Хитой Яқин Шарқда «тинчлик ва барқарорликни таъминлашда конструктив рол» ўйнаш ниятида, дея қўшимча қилди у. 

ҲАМАСнинг юқори лавозимли расмийси Мусо Абу Марсук унинг гуруҳи баёнотни имзолаганини тасдиқлади. «Биз миллий бирликка содиқмиз ва буни талаб қиламиз», - дея унинг сўзларини келтиради AFP. 

Хитой сўнгги йилларда Яқин Шарқда иқтисодий ва дипломатик алоқаларни мустаҳкамламоқда. Минтақа Пекин учун ўзининг йирик инфратузилма лойиҳаси – «Янги Ипак йўли»ни амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга. Фаластин-Исроил можаросида Хитой бир неча бор фаластинликлар билан бирдамлигини намойиш этиб, мустақил Фаластин давлатини яратиш тарафдори эканини билдирди. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди. 

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 39 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид