Bloomberg: ЕИ Россия активларини музлатиш муддатини узайтириш схемаларини таклиф қилди
Биринчи таклифда активларни мунтазам кўриб чиқиш билан муддатсиз музлатиш, иккинчисида – Россияга қарши санкцияларни ҳар 18, 24 ёки 36 ойда узайтириш назарда тутилган.
Европа Иттифоқи ўз аъзоларига Россия Марказий банки активларини узоқроқ муддатга музлатишнинг иккита вариантини таклиф қилди. Бу ҳақда 23 июл, сешанба куни Bloomberg агентлиги таклиф лойиҳасига таяниб хабар берди. АҚШ Европа Иттифоқидан бундай схемани ишлаб чиқишни сўради.
Биринчи вариант мунтазам равишда кўриб чиқиладиган Россия Федерацияси Марказий банкининг активларини муддатсиз музлатишни назарда тутади. Иккинчи схема - ҳар 18, 24 ёки 36 ойда музлатишни таъминлайдиган санкцияларни узайтириш. Ҳозирда улар ҳар олти ойда бир марта кўриб чиқилади.
Украинага ёрдам бериш учун Россия активларидан фойдаланиш
Июн ойида бўлиб ўтган G7 саммитида давлатлар йил охиригача Украинага музлатилган Россия Федерацияси активларидан тушган маблағни гаров сифатида ишлатиб, умумий қиймати 50 миллиард АҚШ доллари (46 миллиард евро) миқдорида кредит беришга келишиб олган эди. Уларнинг аксарияти - 260 миллиард евродан 191 миллиардга яқини - 2023 йилда ушбу маблағлардан 4,4 миллиард евро фоиз олган Euroclear депозитарийсида сақланади. Айнан шу фойда Киевга берилган кредитни тўлаш учун ишлатилади.
Бироқ Вашингтон, Bloomberg ёзганидек, Россияга қарши санкциялар режими барча ЕИ давлатларининг якдил қарори билан ҳар олти ойда бир марта узайтирилиши талаб қилинишидан хавотирда. Шу тариқа, Венгрия Европа Иттифоқининг Украинага ёрдам бериш ташаббусларини бир неча бор тўсиб қўйган. Вашингтон Брюсселдан Россия Федерацияси Марказий банки активларини музлатиш узоқроқ давом этишини кафолатлайдиган схема ишлаб чиқишни сўради - шунга кўра, кредит кафолатланган бўлиб қолади.
Россия активларини мусодара қилиш ҳақида гап бормаяпти
G7 давлатлари Россия активларидан олинган фойдадан фойдаланишга келишиб олдилар, аммо активларни ўзлари мусодара қилмасликка рози бўлишди, гарчи АҚШ ва Британия, оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра, «дадилроқ вариантларни» талаб қилишган.
Bloomberg агентлиги 9 июл куни ўз манбаларига таяниб хабар беришича, йил бошида Саудия Арабистони G7’ни Россия активларини олиб қўймаслик ҳақида огоҳлантирган: подшоҳлик бу ҳолатда Европа қарз мажбуриятларининг бир қисмини сотиш билан таҳдид қилган. Ар-Риёд ўнлаб миллиард евролик Франция ва бошқа Европа давлатлари облигацияларига эгалик қилади ва уларнинг сотилиши бозорга жиддий таъсир кўрсатмайди, дея аниқлик киритди агентлик. Бироқ, унинг сўзларига кўра, Европа расмийлари бу ҳолатда бошқа давлатлар подшоҳликдан ўрнак олиши мумкинлигидан хавотирда.