Жаҳон | 15:10 / 24.07.2024
6892
3 дақиқада ўқилади

Россия яна Украина шарқи ва жанубига ракеталар ва УУА билан ҳужум қилди

Россиянинг Херсон ва Харкивга берган зарбалари натижасида икки киши ҳалок бўлди. Одесса вилоятида порт инфратузилмасига ҳужум уюштирилди. Украина ҳаво мудофааси 17 та Shahed дронларини уриб туширди.

Фото: Telegram / odeskaODA

Россия яна Украинанинг бир қанча вилоятларига ҳужум қилди. Одесса вилоятида 24 июл, чоршанбага ўтар кечаси порт инфратузилмаси ва Измоил туманидаги кўп қаватли уй ўққа тутилди, натижада 3 киши жароҳатланди, портдаги бир қанча бинолар вайрон бўлди, деди Одесса ВҲМ раҳбари Олег Кипер. 

Херсон ва Харкив: ҳалок бўлганлар бор 

Херсонда 1947 йилда туғилган аёл турар жой биносининг ўққа тутилиши натижасида ҳалок бўлди. Қутқарувчилар унинг жасадини Днипро туманидаги уй вайроналари остидан топди, деб хабар берди Херсон вилояти ҳарбий маъмурияти. Кейинчалик маълум бўлишича, зарба натижасида 55 ёшли жабрланувчи касалхонага ётқизилган - Херсонда яшовчи фуқарога ўткир стресс реакцияси ташхиси қўйилган. 

Россиянинг Харкивни ўққа тутиши натижасида яна бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда шаҳар мэри Игор Терехов Telegram’да маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, 24 июлга ўтар кечаси Харкивга иккита зарба уюштирилган, улардан бири шаҳар туманларидан биридаги саноат зонасига, иккинчи зарба эса хусусий сектор ҳудудига қаратилган, натижада, уйлардан бирида ёнғин бошланган. 

Киев вилоятида уриб туширилган Россиянинг учувчисиз учоқлари қолдиқлари аҳоли пунктлари ташқарисига тушди, деб хабар берди Киев вилояти давлат маъмурияти раҳбари Руслан Кравченко Facebook’да. «Ўтган кеча душман яна учувчисиз учоқ ёрдамида ҳудудимизга ҳужум қилишга уринди, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари минтақада 5 соатдан ортиқ вақт давомида ишлади», — деди у. Кравченконинг сўзларига кўра, ҳужум натижасида ҳеч ким жабрланмаган, турар жой ёки муҳим инфратузилмага зарба бериш қайд этилмаган. 

Украина қуролли кучлари 17 та дронни йўқ қилди

Украина қуролли Кучлари Ҳаво кучлари қўмондони Николай Олешчук Facebook’да хабар беришича, 24 июлга ўтар кечаси Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари 17 та Shahed-136/131 русумли дронларни ва 8 та разведкачи УУАни йўқ қилган, уларнинг аксарияти Одесса вилоятида. Унинг сўзларига кўра, тунда Харкивга ҳужум Белгород вилоятидан иккита ракета билан амалга оширилган – улардан бири «Искандер-М» баллистик ракетаси бўлиб, иккинчи ракетанинг тури аниқланмоқда. 

Бундан ташқари, россияликлар Украина жанубига Приморско-Ахтарскдан ва Қрим ҳудудидан Shahed типидаги УУА билан ҳужум қилишди, деди Олешчук. «Жами радиотехник қўшинлар душманнинг 23 та ҳужумчи учувчисиз учоқларини аниқлади ва кузатиб борди», — дея қўшимча қилди у. 

Мавзуга оид