Жаҳон | 10:55 / 24.07.2024
7992
2 дақиқада ўқилади

ХОҚ Умар Кремлев бошчилигидаги бокс федерациясини ташкилотдан четлатди

ХОҚ 2023 йилнинг ёзида IBA’ни тан олишдан воз кечди. Федерациянинг Спорт арбитражига қилган мурожаати натижа бермади. Федерация раҳбари Кремлев қарорни шарҳлар экан, IBA’ни «ХОҚ томоғидаги суяк» деб атади. 

Фото: Валерия Шарифулина / ТАСС

Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) Халқаро бокс ассоциацияси (IBA)ни тан олинган халқаро федерациялар рўйхатидан чиқарди. Бу қарор ХОҚнинг Париждаги сессиясида бир овоздан қабул қилинди, деб хабар беради РИА «Новости» 23 июл, сешанба куни. Бугунги кунда федерацияга россиялик Умар Кремлев бошчилик қилмоқда. 

ХОҚ 2023 йилнинг ёзида IBA’ни тан олишдан воз кечди. Федерация қарорни «сиёсийлаштирилган» деб атаган ҳолда Спорт арбитраж суди (CAS)да эътироз билдирмоқчи бўлди, бироқ унинг шикояти рад этилди.

2022 йил октябр ойида ХОҚ тавсияларига зид равишда россиялик ва беларуслик спортчиларга ўз мамлакатлари байроқлари остида мусобақаларда қатнашишга рухсат берди. Ушбу қарордан сўнг бир қатор миллий федерациялар федерация таркибини тарк этди. 

Халқаро олимпия қўмитасининг қарорини шарҳлар экан, IBA раҳбари Умар Кремлев ўзи раҳбарлик қилаётган ассоциация «камситишларга йўл қўймайдиган мустақил ва шаффоф ташкилот», шунинг учун ҳам у «ХОҚнинг томоғидаги суяк» эканлигини айтди.

ХОҚ ва халқаро алоҳида спорт турларидаги ассоциациялар Беларусдаги ҳукмрон режим томонидан қўллаб-қувватланган Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли ҳужуми бошланганидан сўнг, россиялик ва беларуслик спортчиларни халқаро мусобақаларда иштирок этишдан четлатган эди. 

Мавзуга оид