Жаҳон | 14:12 / 25.07.2024
2729
2 дақиқада ўқилади

Экологик фаоллар Франкфурт аэропорти ишини вақтинча тўхтатиб қўйди

«Сўнгги авлод» фаоллари ўзларини аэропортнинг учиш-қўниш йўлакларига ёпиштириб қўйиб, ётиб олган. Улар газ, нефт ва кўмир қазиб олиш ҳамда улардан фойдаланишни тўхтатишни талаб қилмоқда.

Фото: Daniel Kubirski/picture alliance

Иқлим фаолларининг ҳаракатлари туфайли 25 июл, пайшанба куни Франкфурт-Майн аэропортида ҳаво қатнови вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда федерал полиция вакили хабар берди. Эрта тонгда бир неча намойишчилар аэропорт ҳудудига кириб, у ерда ерга ётиб олишган. 

«Ҳозирда полиция томонидан олиб борилаётган амалиётлар туфайли учиш ёки қўниш амалга оширилмаяпти», — дейилади аэропорт сайтида. Йўловчиларга ҳозирча аэропортга бормаслик ва авиакомпания сайтларида парвозлар ҳолатини олдиндан текшириш тавсия этилади. 

Акция ташкилотчиси – «Сўнгги авлод» ҳаракати Х ижтимоий тармоғида эълон қилган хабарга кўра, олти нафар фаол учиш-қўниш йўлакларигача кириб келишга муваффақ бўлди. Баёнот муаллифлари халқаро миқёсда газ, нефт ва кўмир қазиб олишга қарши курашиш учун кучларни бирлаштирганликларини ва 2030 йилгача ушбу фойдали қазилмаларни қазиб олиш, улардан фойдаланишдан бутунлай воз кечишни талаб қилишганини билдирди.

Бир кун аввал, 24 июл куни иқлим фаоллари Кёлн/Бонн аэропортида уч соат давомида ҳаво қатновини тўхтатиб қўйди. Намойишчиларга қарши йиғилишлар тўғрисидаги қонунни бузганлик, ҳаво қатновига хавфли тарзда тўсқинлик қилганлик ва ҳудудга ноқонуний киришда айблови бўйича иш очилган, деди полиция вакили. 

Мавзуга оид