Жамият | 10:35 / 25.07.2024
5331
1 дақиқада ўқилади

Ўрикзор бозорида контрафакт маҳсулотлар савдосига чек қўйилди

Адлия вазирлигига Naseem Al Hadaeq Parfumes компаниясининг ушбу компанияга тегишли LAMSA, BUSHRA ҳамда NASEEM товар белгиларидан ноқонуний фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган контрафакт маҳсулотлар сотилаётганлиги юзасидан мурожаати келиб тушди.

Фото: Адлия вазирлиги

Мурожаатда баён этилган ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида вазирлик ходимлари томонидан Ўрикзор савдо мажмуасида фаолият олиб борувчи «П.Ш» МЧЖда текширув ўтказилиб, натижада ҳақиқатдан ҳам «П.Ш» МЧЖ томонидан LAMSA, BUSHRA ҳамда NASEEM белгиларидан бир хил тарзда фойдаланилган ҳолда тайёрланган контрафакт косметика воситалари сотилаётганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан «П.Ш» МЧЖга нисбатан Адлия вазирлигининг қонун ҳужжатларининг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисидаги бажарилиши мажбурий бўлган тақдимнома таъсир чораси қўлланилиб, ҳуқуқбузарга контрафакт маҳсулотларни савдодан олиб ташлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Маълумот ўрнида, LAMSA, BUSHRA ҳамда NASEEM товар белгилари остидаги асл маҳсулотлар қадоғидаги QR-кодни сканерланганда ишлаб чиқарувчи ҳақидаги маълумотларни кўрсатилади, контрафакт маҳсулотдаги QR-код эса ишламайди.

Мавзуга оид