АҚШ Россия билан ҳамкорлиги учун Ҳиндистон банкларини доллардан узиш билан таҳдид қилди
Ҳиндистон банклари агар Россия мудофаа саноат комплекси билан ҳамкорлик қилса, санкция остига тушиб, АҚШ молия тизимидан узилади. Ҳиндистон банклар ассоциациясига тегишли огоҳлантириш битилган хатни АҚШ молия вазирининг ўринбосари Уолли Адейемо жўнатган, деб хабар беради VOA-news.
«Биз Россия ҳарбийлари станоклар ва микроэлектроника каби нозик товарларни импорт қилишда операцияларни соддалаштириш учун хорижий банкларга мурожаат қилаётганини билиб турибмиз», — дейилади Америка молия вазирлиги хатида.
Шу сабабли вазирлик 30 кун ичида Ҳиндистон бизнесини АҚШнинг эҳтимолли санкциялари тўғрисида огоҳлантириш бўйича чоралар ишлаб чиқишга чақирган. Бу ҳолатда Ҳиндистон банкларига муайян эътирозлар битилмаган, шунчаки, АҚШнинг ҳамкор давлатлари Россияни “уруш олиб боришнинг моддий ва молиявий воситалари”дан маҳрум этиши бўйича қандай ҳаракатларни амалга ошириши юзасидан умумий йўриқномалар тилга олинган.
Бир вақтнинг ўзида АҚШ молия вазири ўринбосари Америка Ҳиндистон билан иқтисодий ҳамкорлик олиб боришга интилаётгани ва Деҳлини ўзининг етакчи савдо шерикларидан бири деб ҳисоблашини қайд этган. Хусусан, ўтган ўн йил ичида мамлакатлар ўртасида товар айланмаси 110 фоизга ўсгани эслатиб ўтилган.
Ҳужжатда шунингдек, огоҳлантириш президент Жо Байденнинг 2023 йилнинг декабридаги фармонига асослангани айтилган. Фармонда Россиянинг санкция остидаги компаниялари ҳамда ҳарбий саноат комплекси манфаатида тўловларни амалга оширган хориж банкларига санкциялар жорий этиш назарда тутилган. Июн ойида АҚШ бу механизмни кенгайтириб, санкция остидаги барча шахслар, жумладан, Россия банклари билан ҳамкорликни ҳам рўйхатга киритган.
Вашингтон Ҳиндистоннинг Россия билан алоқалари унга ёқмаётганини Деҳлига биринчи бор очиқча билдираётгани йўқ. АҚШ Молия вазирлигининг хатигача бундай огоҳлантиришлар июл ойининг бошларида, Нарендра Моди Москвага ташриф буюриб, Владимир Путин билан учрашганда янграганди. Ўшанда Моди Россияга экспортни ошириш имкониятини ўрганиб чиқаётганини айтган эди. Бунга жавобан АҚШ давлат котибининг биринчи ўринбосари Курт Кэмпбелл Деҳли ва Москванинг ўзаро ҳамкорлиги АҚШ-Ҳиндистон технологик ҳамкорлигига халақит бераётганини қайд этган эди.
Мавзуга оид
21:21 / 14.11.2024
АҚШ долларининг мустаҳкамланиши глобал муаммога айланади — The Economist
16:56 / 14.11.2024
АҚШ сайловларида республикачилар Конгрессда ҳам кўпчилик ўринни қўлга киритди
15:46 / 14.11.2024
“Абадий химикатлар” ёшларда буйрак шикастланишига олиб келиши мумкин — тадқиқот
15:42 / 14.11.2024