Жамият | 08:25 / 27.07.2024
56989
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликлар доимий яшаш учун асосан қайси давлатга кўчиб кетаётгани айтилди

Статистика агентлиги 2024 йил январ–июн ойларида ўзбекистонликлар қайси мамлакатларга доимий яшаш учун кўчиб кетганини маълум қилди.

Дастлабки ярим йил давомида беш минг нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари қатор давлатларга доимий яшаш мақсадида кўчиб кетган.

Кўчганларнинг асосий қисми — 4 128 киши (умумий улушнинг 81,5 фоизи) Қозоғистонга кетган. Шу билан бирга, Россияга 760 киши, Қирғизистонга 34 киши, Жанубий Кореяга 37 киши, Туркманистонга 14 киши, бошқа давлатларга 93 киши доимий яшаш мақсадида кўчган.

Ўзбекистонга январ–июн ойларида хорижий мамлакатлардан 1 080 киши доимий яшаш мақсадида кўчиб келган. Уларнинг асосий қисми Россия (36,1 фоиз) ва Қозоғистон (24,1 фоиз) фуқаролари ҳиссасига тўғри келган. 

Жорий йилнинг биринчи ярмида мамлакат миқёсида бир ҳудуддан бошқасига кўчиб келганлар сони 116,6 минг кишини ташкил этди (2023 йил мос даврида 106,3 минг киши). Шундан эркаклар 50,7 минг нафар, аёллар 65,9 минг нафардир. Кўчиб келганлар сони шаҳарларда 87 минг киши, қишлоқларда 29,6 минг киши бўлган.

Ярим йил ичида кўчиб келганларнинг энг кўп улуши Тошкент шаҳрида (44 605 киши), энг кам улуши Наманган вилоятида (1 649 киши) қайд этилди.

Олти ой давомида республика бўйлаб кўчиб кетганлар сони 120,6 минг кишини ташкил этди (2023 йил мос даврида 113,7 киши бўлган). Шундан эркаклар 52,8 минг нафар, аёллар 67,8 минг нафар. Кўчиб кетганлар сони шаҳарларда 83,9 минг киши, қишлоқларда 36,7 минг киши.

Кўчиб кетганларнинг энг кўп улуши Тошкент шаҳри (35 540 киши), энг кам қисми Наманган вилояти (2 710 киши) ҳиссасига тўғри келди.

Мавзуга оид