Жаҳон | 09:38 / 29.07.2024
3285
3 дақиқада ўқилади

Германия жиноятчиларни Сурия ва Афғонистонга депортация қилишни қайта бошлайди

Германия жиноят содир этган суриялик ва афғонистонликларни мамлакатдан чиқариб юбориш имкониятини тайёрламоқда, деди мамлакат ИИВ раҳбари Нэнси Фезер.

Фото: Boris Roessler / dpa / Global Look Press

Германия Сурия ва Афғонистондан бўлган жиноятчиларни ўз мамлакатларига депортация қилишни қайтадан бошлайди. Хусусан, зўравонлик билан жиноят содир этганларни депортация қилиш режалаштирилмоқда, деди Германия ички ишлар вазири Нэнси Фезер 28 июл, якшанба куни чоп этилган Bild am Sonntag газетасига берган интервюсида.

Унинг сўзларига кўра, депортация Сурия ва Афғонистон билан чегарадош давлатлар орқали амалга оширилади. «Биз Афғонистон ва Сурияга депортация қилиш имкониятини яратиш учун турли давлатлар билан музокаралар олиб бормоқдамиз», деди немис вазири. 

Устуворлик - Германия хавфсизлиги

Фезер, шунингдек, Германиянинг хавфсизлик манфаатлари аниқ устувор аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Тез орада федерал полиция федерал ерларга сурияликлар ва афғонистонликларни депортация қилишда ёрдам беришни бошлайди. Германияда қолиш ҳуқуқига эга бўлмаган ҳар бир киши энди тезроқ кетади, деди у. 

Айни пайтда, Bild am Sonntag газетасининг ёзишича, Германия Ташқи ишлар вазирлиги Суриядаги вазият бўйича махфий таҳлил тайёрлаб, бу мамлакатнинг турли ҳудудларида «шиддатли жанговар операциялар» давом этмоқда деган хулосага келган. Шу сабабли, БМТ мезонларига мувофиқ, «қочоқларнинг Сурияга хавфсиз қайтиши учун ҳеч қандай шарт-шароит йўқ», дейилади маълумотда. 

Германиядан муҳожирларни чиқариб юбориш масаласи муҳокамаси

Бошпана олиш ҳуқуқига эга бўлмаган муҳожирларни Германиядан чиқариб юбориш зарурлиги ҳақидаги баҳс май ойи охирида Манхаймда Pax Europa гуруҳининг митинги иштирокчиларига афғонистонлик ҳужум қилганидан сўнг яна кучайган эди. Берлин 2021 йилда толиблар ҳокимиятни эгаллаб олгани сабабли афғонларни ўз ватанига чиқариб юборишни тўхтатди.

Хусусан, май ойида Германиянинг муҳожирларни депортация қилиш учун масъул бўлган федерал ерлари ички ишлар вазирлари оғир жиноят содир этган ёки хавф туғдирувчи бўлган ушбу давлат фуқароларини Афғонистон ва Сурияга депортация қилиш зарурлигини эълон қилган. Афғонистонга одамларни чиқариб юбориш ташаббуси гуманитар ташкилотлар, шунингдек, сўл партиялар томонидан танқид қилинади. 

Мавзуга оид