АҚШ Давлат департаменти бошлиғи Путинни қўллаётгани учун Хитойга янги санкциялар билан таҳдид қилди
Пекин Россия мудофаа саноат комплексини қўллаб-қувватлашни бас қилмаса, Вашингтон Хитой компанияларига қарши санкцияларни жорий этишда давом этади. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ХХР ТИВ раҳбари Ванг И билан Лаосда учрашуви чоғида айтган, деб хабар бермоқда Reuters.
Икки давлатнинг ташқи ишлар идоралари раҳбарлари АСЕАН ТИВ раҳбарлари саммитида қарийб бир ярим соат суҳбатлашган. Бу Блинкеннинг 2023 йил июнида Пекинга ташрифи ва икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар илиқлаша бошлаганидан сўнг ўтказилган олтинчи учрашуви, деб ёзади нашр.
Томонлар Тайван атрофидаги вазият ва наркотрафикка қарши курашни муҳокама қилган. Блинкен ва Ванг И ҳарбий соҳада ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ишларни давом эттиришга келишиб олган, бироқ ядровий қуроллар устидан назорат мавзусини очмаган. Бундан ташқари, Давлат департаменти раҳбари хитойлик ҳамкасбига АҚШ президенти Жо Байден ва вице-президент Камала Ҳарриснинг Вашингтон ва Пекин ўртасидаги муносабатларни барқарорлаштиришнинг муҳимлиги ва “қоидаларга асосланган тартибни қўллаб-қувватлаш” зарурияти тўғрисидаги баёнотини етказган.
Украина билан уруш бошлангач, Хитой санкциялар туфайли Россияни тарк этган ғарб компанияларининг ўрнини босиб, Россиянинг энг йирик савдо ҳамкорига айланди. 2024 йилнинг январ-феврал ойлари якунига кўра, Россия импортининг 43 фоизи ёки 24,4 млрд доллар Хитой товарлари ҳиссасига тўғри келган, деб ҳисоблаган Гайдар институти экспертлари. Хитойга Россия экспортининг учдан бир қисми тўғри келган ва уларнинг ҳам катта қисми (74 фоизи)ни углеводородлар ташкил этмоқда.
Россияга иккиламчи мақсаддаги товарларни етказиб берганлик учун АҚШ 100 дан ортиқ Хитой компанияларига санкциялар эълон қилган. Чеклов чоралари ва иккиламчи санкциялар остига тушиб қолиш таҳдиди Россия-Хитой савдо-сотиғида муаммолар яратган: ХХР банклари ҳам Кремл томонидан “дўстона” деб аталувчи Туркия, БАА ва бошқа давлатларнинг кредит ташкилотлари ортидан тўловларни блоклай бошлаган. Натижада март ойининг ўзидаёқ Хитойдан Россияга товар етказиб бериш 14,2 фоизга қисқарган, автомобилдан бошқа техникалар етказиш 15 фоизга пасайган.
Хитой учун Россия бозори иккиламчи ҳисобланади, Хитой экспортида Россиянинг улуши атиги 3 фоизни ташкил этади, дейишмоқда Гайдар институти экспертлари.
“Хитойнинг товар айланмасида Россия учун нодўстона бўлган давлатлар етакчи позицияга эга, шу сабабли иккиламчи санкциялар жорий этилиши таҳдид солиб турганда Россияга етказиб бериш рискини кучайтиради”, — дея огоҳлантиришмоқда улар.
Апрел ойи охирида Энтони Блинкен ўзининг Хитойга ташрифи чоғида Си Жингпингни агар Пекин Москвага унинг “саноат базасини тиклаш”га ёрдам берадиган товарларни етказиб беришни бас қилмаса янги санкциялар жорий этилиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
“Биз аллақачон 100 дан ортиқ Хитой компанияларига нисбатан санкциялар жорий этдик. Биз қўшимча чоралар қўллашга тўлиқ тайёрмиз”, — деган эди ўшанда Блинкен.
Мавзуга оид
16:56
АҚШ сайловларида республикачилар Конгрессда ҳам кўпчилик ўринни қўлга киритди
15:46
“Абадий химикатлар” ёшларда буйрак шикастланишига олиб келиши мумкин — тадқиқот
15:42
Россиядан Венесуэлагача: табиий бойликлар бўйича энг бой давлатлар
10:31