Жаҳон | 07:39 / 30.07.2024
2264
2 дақиқада ўқилади

Украина Бош штаби: Курск вилоятида 4 та электр подстанциясига зарба берилди

Украина хавфсизлик хизмати Курск вилоятидаги «камида» 4 та электр подстанциясига зарба берди, дея хабар қилди Украина Қуролли кучлари Бош штаби.

Фото: Украина Қуролли кучлари

Украина Хавфсизлик хизмати («СБУ») қошидаги «Альфа» махсус операциялар маркази Курск вилоятидаги «бир қатор электр подстанцияларига» зарба берди. Бу ҳақда 29 июл, душанба куни Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълум қилди. Ҳужумлар натижасида «камида тўртта подстанцияда портлашлар» ҳақида маълум, «Курск вилоятининг Понировский, Курск ва Солнцевский туманларида электр таъминотида узилишлар қайд этилган», дейилади хабарда.

Украина Қуролли кучлари Бош штаби Россия энергетика объектларига ҳужум айнан қачон амалга оширилганига аниқлик киритмаяпти. Айни вақтда Курск вилояти губернатори Алексей Смирнов аввалроқ Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари 29 июлга ўтар кечаси минтақа узра 19 та дронни уриб туширганини маълум қилганди. «Солнцевский туманида учувчисиз учоқ қолдиқлари электр узатиш линияларига зарар етказган», - деди Смирнов. Еттита аҳоли пунктида электр энергияси йўқ эди, бироқ губернаторнинг сўзларига кўра, кейинроқ электр таъминоти тикланган. 

Россия бошқа минтақаларидаги электр иншоотларида ёнғинлар 

29 июлга ўтар кечаси Россия Федерациясининг бошқа ҳудудларига ҳам ҳужум уюштирилди. Хусусан, Орёл вилояти губернатори Андрей Кличков УУА ҳужуми натижасида «маҳаллий электр станциясига зарар етганини» хабар қилди. «Пепел» нашрининг ёзишича, дронлар Белгород вилояти Томаровка қишлоғидаги электр подстанциясига ҳам ҳужум қилган ва у ерда ёнғин бошланган. 

Украина Бош штаби: Россия саноати - Украинанинг қонуний мақсади

«Украинага қарши уруш учун ишлайдиган Россия саноати бизнинг қўшинларимиз учун қонуний нишондир», деди Украина армияси вакиллари. Уларнинг сўзларига кўра, Курск вилоятидаги тўртта электр подстанцияси, жумладан, Украинадаги рус қўшинлари учун қурол-яроғ ва ҳарбий техникани олиб ўтувчи Россия темирйўли ишини таъминлайди.

Мавзуга оид