Жаҳон | 21:38 / 31.07.2024
8650
2 дақиқада ўқилади

Эрон ҲАМАС етакчисининг йўқ қилинишига жавобан Исроилга қарши «махсус операция» бошлайди

Ушбу «махсус операция» қандай бўлиши ҳозирча номаълум.

Фото: Anadolu Agency

Эрон ҲАМАС етакчиси Исмоил Ҳониянинг ўлдирилишига қасос сифатида Исроилга қарши «махсус операция» ўтказади. Бу ҳақда Эроннинг БМТдаги вакили Саид Иравоний маълум қилди, деб хабар берди Iran Observer.

«Қотилликка жавобан жиноятчида чуқур пушаймонликни уйғотишга қаратилган янада кескинроқ махсус операция бўлади», деди Иравоний.

Reuters хабарига кўра, Эрон олий раҳбари Али Хоманаий Исроил «ўзини шафқатсиз жазолашга» асос топиб берганини ва Эрон пойтахтида содир бўлган ҲАМАС етакчисининг ўлими учун қасос олиш Теҳроннинг зиммасида эканини айтган. Қайд қилинишича, Эроннинг хавфсизлик бўйича юқори органи Ҳония ўлимига жавоб стратегиясини аниқлаш учун йиғилган.

Фаластиндаги ҲАМАС гуруҳининг сиёсий қаноти етакчиси Исмоил Ҳония 31 июл куни эрталаб Теҳрондаги қароргоҳида ўлдирилди. Дастлабки маълумотларга кўра, унинг уйига самолётдан ракета билан зарба берилди. Эрон бу ҳужумда Исроилни айблади. Ўз навбатида, Исроил армияси Ҳониянинг ўлими билан боғлиқ вазиятга изоҳ беришдан бош тортди.

Мавзуга оид