Жаҳон | 09:38 / 01.08.2024
3015
2 дақиқада ўқилади

Германия: Хитой Тинч океанида беқарорлик яратмоқда

Германия мудофаа вазири Борис Писториус Ҳавайидаги ҳарбий-денгиз машқларида қатнашди ва Германия Осиё-Тинч океани минтақасида барқарорлик учун масъул эканини айтди. У Хитойни беқарорлаштирувчи куч деб атади.

Фото: Globallookpress

Германия мудофаа вазири Борис Писториус фикрича, Хитой сиёсати Осиё-Тинч океани минтақасида беқарорлик яратмоқда. Бу ҳақда сиёсатчи сешанба куни Америка Қўшма Штатлари бошчилигидаги ҳарбий-денгиз кучларининг Ҳавайида ўтказилаётган машғулотларига ташрифи чоғида айтиб ўтди, деб хабар беради DPA агентлиги 31 июл, чоршанба куни.

Тинч океанидаги немис денгизчилари

Ҳавайида RIMPAC (Rim of Pacific, «Тинч океани чегараси») дунёдаги энг йирик ҳарбий-денгиз машқлари якунланмоқда. Улар АҚШнинг Тинч океани қўмондонлиги томонидан ўтказиляпти. Германиядан ҳарбий-денгиз кучларининг Baden-Württemberg фрегати ва Frankfurt-Main жанговар ёрдам кемаси маневрларда иштирок этмоқда.

Писториус немис денгизчилари олдига ташриф буюрди ва 1941 йил декабрида Япония ҳужумида ҳалок бўлган америкалик аскарларга бағишланган Перл-Ҳарбор ёдгорлигида нутқ сўзлади. Унинг сўзларига кўра, Германия Ҳинд-Тинч океани минтақасида халқаро ҳуқуқ ва эркинликни ҳимоя қилишда катта рол ўйнайди. Европага у ерда барқарорлик ва хавфсизлик керак, дейди сиёсатчи. «Бирини иккинчисисиз тасаввур қилиб бўлмайди», деди у.

Хитойга қарши айбловлар

Германия ҳарбий департаменти раҳбарининг қўшимча қилишича, Хитой ўз манфаатларини «минтақада беқарорлик ва ноаниқликка олиб келадиган» тарзда илгари сурмоқда.

«Биз дунёдаги учинчи йирик иқтисодиётмиз ва шунинг учун кўпчилик билан масъулиятни баҳам кўрамиз», деди Писториус. Унинг сўзларига кўра, бу қоидаларга асосланган дунё тартибини ҳимоя қилишни таъминлаш учун шериклар билан ишлашни англатади. «Ҳеч кимга қарши эмас, оддий ва қатъийлик билан тушунтирамиз: биз денгизлар, навигация эркинлиги ва қоидаларга асосланган халқаро тартибнинг қадрини биламиз», деди вазир. «Биз ўзимизни ортиқча баҳоламаймиз, лекин биз бу минтақада ҳамкормиз ва бизни шундай қабул қилишади ва қадрлашади», дея қўшимча қилди у.

Мавзуга оид