Жаҳон | 23:03 / 01.08.2024
6327
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг навбатдаги тинчлик саммитида иштирок этиш имкониятига изоҳ берилди

Россия бўлажак саммитда ўзини қизиқтирган масалалар муҳокама қилинсагина иштирок этиши таъкидланди.

Дмитрий Песков / Фото: РИА Новости

Россия президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Россия Украинадаги урушни тугатиш бўйича музокараларга «очиқ» эканини айтди.

Шу билан бирга, у Украина расмийларига ишонмаслигини ва Россия иштирокидаги Тинчлик саммити тайёрланмаётганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, Россия етакчиси Владимир Путин Украинадаги урушни тугатиш бўйича музокараларга очиқлигини «қайта-қайта эълон қилган».

Песков Украина расмийлари билан «суҳбатлашишга» тайёрлигини билдирди, бироқ Кремлга кўра, уларга «ишониб бўлмайди».

«Россия музокаралар ҳақидаги тушунарсиз мунозараларни кўрмоқда, уларга аниқлик киритилмаяпти», деди Песков.

Россиянинг иккинчи тинчлик саммитида иштирок этиш ғоясини изоҳлар экан, Песков «ҳали Россия иштирокидаги саммит тайёрланмаётганини» таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Россия бўлажак саммитда ўзини қизиқтирган масалалар муҳокама қилинишига ҳали кафолат олмаган.

«Ҳа, Россияни кейинги тадбирга таклиф қилииш ҳақида сўзлар янграмоқда. Биласизми, тадбирда шунчаки иштирок этилмайди. Тадбирда аниқ кун тартибини муҳокама қилиш учун иштирок этилади. Ҳозирча бизга мос келадиган кун тартиби ҳеч қаерда айтилмаган», деди Песков.

Аввалроқ, Украина президенти Володимир Зеленский агар дунё музокаралар столида Россияни кўришни истаса, Украина бунга қарши бўла олмаслигини айтган эди.

Мавзуга оид