Жаҳон | 09:04 / 01.08.2024
1641
2 дақиқада ўқилади

Хитой элчиси Германия ТИВга киберҳужум муносабати билан чақирилди

2021 йилда Федерал картография ва геодезия идорасига киберҳужум аниқ Хитойга тегишли, дея маълум қилди Берлин. Германия 1989 йилдан бери биринчи марта Хитой элчисини чақиртирди.

Фото: Pixabay

Германия ташқи ишлар вазирлиги Хитой элчисини Германия департаментларидан бирига уч йил аввал содир этилган киберҳужум муносабати билан чақиртирди. 2021 йилда Федерал картография ва геодезия идорасига (BKG) ҳакерлар ҳужуми «жосуслик мақсадида» амалга оширилган ва ҳозирда бунинг ортида Хитой ҳукумати органлари тургани исботланган, деди 31 июл, чоршанба куни Германия ТИВ вакили.

Германия ҳукумати «энг қатъий тарзда» ҳужумни қоралади ва Пекинни «бундай ҳаракатлардан тийилишга» чақирди. Германия ички ишлар вазири Нэнси Фезер «жиддий киберҳужум» ҳақида маълум қилди, бу Хитойнинг Германияга қарши бундай ҳаракатлар қилиш хавфи қанчалик катта эканлигини кўрсатади.

Картография ва геодезия бошқармасига киберҳужум

Франкфурт-Майндаги Федерал картография ва геодезия идораси бошқа давлат идоралари ва муҳим инфратузилма операторларини картографик маълумотлар билан таъминлайди, дея маълумот берди BKG'ни назорат қилувчи Германия Ички ишлар вазирлиги.

Вазирлик маълумотларига кўра, киберҳужумни амалга ошириш учун тажовузкорлар ўзларининг изларини яшириш мақсадида шахслар ва компаниялар сўнгги нуқталаридан яширинча фойдаланганлар. Уларнинг ҳаракатлари аниқлангач, ҳужумлар «бутунлай тўхтатилди» ва зарар кўрган бўлимда қўшимча ҳимоя чоралари кўрилди, дея таъкидланади.

Германия Ташқи ишлар вазирлиги Хитой элчисини охирги марта 1989 йилда Пекиндаги Тянанмэн майдонидаги намойишларнинг ўта шафқатсизларча бостирилиши муносабати билан чақирган эди.

Мавзуга оид