Жаҳон | 13:50 / 02.08.2024
2609
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Туркияга маҳбуслар алмашинувидаги муҳим роли учун миннатдорчилик билдирди

Биз Туркиядан ушбу келишувни амалга оширишга имкон яратган муҳим логистика ёрдами учун жуда миннатдормиз, деди Жейк Салливан.

Фото: Reuters

АҚШ президенти Байден ва давлат котиби Блинкен Туркия Миллий разведка бошқармаси (MIT) томонидан амалга оширилган АҚШ-Россия маҳбуслар алмашиш амалиёти ҳақида ёзма баёнот берди

Байден ўз баёнотида Американинг уч фуқароси ва бир грин карта эгаси «Россияда ноҳақ ушлаб турилган қамоқдан» уйига қайтганини таъкидлади. 

Байден Пол Уилан, Эван Гершкович, Алсу Курмашева ва Владимир Кара-Мурзанинг озод этилишига ҳисса қўшган давлатларга миннатдорчилик билдирди: «Қийин музокаралар давомида бу натижага эришган иттифоқчиларимиз Туркия, Германия, Полша, Словения ва Норвегияга алоҳида раҳмат». 

АҚШ давлат котиби Блинкен, ўз навбатида, алмашинув бўйича баёнот берди. «Биз ушбу келишувни амалга оширишга имкон яратган иттифоқчиларимиз гуруҳи - Германия, Полша, Норвегия ва Словениядан миннатдормиз. Шунингдек, Туркия ҳукуматига ушбу шахсларнинг АҚШ ва Германияга хавфсиз қайтиши учун жой ажратгани учун миннатдорчилик билдирамиз», — дейилади АҚШ давлат котиби баёнотида. 

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Туркия Миллий разведка бошқармаси (MIT) томонидан ўтказилган маҳбусларни алмаштириш амалиётини шарҳлар экан: «ушбу келишувни амалга оширишга имкон берган муҳим логистик ёрдам учун Туркиядан жуда миннатдормиз», деди. 

АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Салливан Оқ уйда теле-конференция орқали бир гуруҳ журналистлар учун брифингда MIT томонидан амалга оширилган алмашинув амалиётини баҳолади. 

Салливаннинг айтишича, Германия, Словения, Норвегия ва Полша ҳам қатнашган келишув АҚШ ва Россия ўртасида тузилган энг йирик алмашинув шартномаларидан бири сифатида тан олинади.

Унинг сўзларига кўра, йирик алмашинув операцияси Норвегия, Словения, Полша ва Германияда қўлга олинган россияликларнинг келишувга киритилиши туфайли амалга оширилган.

Маслаҳатчи Туркиянинг алмашинувни амалга оширишдаги алоҳида ролини қайд этди: «Биз Туркиядан ушбу келишувни амалга оширишга имкон берган муҳим логистика ёрдами учун жуда миннатдормиз». 

Мавзуга оид