Ўзбекистон | 21:37 / 02.08.2024
19260
2 дақиқада ўқилади

Метан гази нархининг кескин ошишига сабаб бўлувчи омиллар мавжуд эмас — Рақобат қўмитаси

Метан ва пропан газининг чакана нархлари бўйича ўтказилган мониторинг натижалари эълон қилинди.

Фото: Kun.uz

Бугунги кунда, метан гази нархининг кескин ошишига сабаб бўлувчи омиллар мавжуд эмас. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси раиси ўринбосари Фаррух Қорабоев маълум қилди.

Қайд қилинишича, Рақобат қўмитаси тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида (АГТКШ) чакана нархлар бўйича мониторинг ўтказган.

«Нарх чеклови бекор қилингандан сўнг, қўмита томонидан республика бўйича 1450 та газ тўлдириш шохобчаларида сотилаётган метан газининг чакана нархи дастлабки тезкор мониторинги ўтказилди. Унинг натижаларига кўра, газ тўлдириш шохобчаларининг 71 фоизида (1064 та ҳолатда) 3750 сўм нарх сақланиб қолаётганлиги, 25 фоизида (370 та ҳолатда) нархлар 3800-3950 сўмгача ошгани, қолган 4 фоизи иш фаолиятида эмаслиги аниқланди. Бугунги кунда, метан гази нархининг кескин ошишига сабаб бўлувчи омиллар мавжуд эмас», дейилади баёнотда.

Бундан ташқари, пропан гази нархи ўрганилганда 20 фоиз газ тўлдириш шохобчаларида нархлар 5500 сўмни, 65 фоизида 5500-6000 сўм оралиқда эканлиги, 5 фоизи 6500 сўм ва 10 фоизи иш фаолиятида эмаслиги аниқланган.

Таъкидланишича, қўмита томонидан биржа савдоларида пропан маҳсулотининг нархларига таъсир этувчи омиллар ўрганилмоқда ва ишлаб чиқарувчилар томонидан нарх манипуляциялари ва бошқа рақобатга зид ҳаракатлар аниқланганда уларга нисбатан таъсирчан ҳуқуқий чоралар қўлланади.

Шу билан бирга, президент томонидан нархларнинг асоссиз ошириб юборилишига йўл қўймаслик бўйича топшириқ берилган.

«Давлатимиз раҳбари томонидан метан гази нархларининг асоссиз ошириб юборилишига йўл қўймаслик бўйича Рақобат қўмитаси, Бош прокуратура ва Энергетика вазирлигига бир қатор топшириқлар берилди», деди Қорабоев.

Рақобат қўмитаси метан ва пропан гази нархлари устидан таъсирчан мониторингни давом эттиришини, мониторинг натижалари жамоатчиликка доимий тарзда етказиб борилишини маълум қилди.

Мавзуга оид