Жаҳон | 15:28 / 03.08.2024
6416
3 дақиқада ўқилади

Пентагон 11 сентябр терактлари ташкилотчиси билан келишувни бекор қилди

Пентагон раҳбари Холид Шайх Муҳаммад ва яна икки айбланувчининг тергов билан келишувларини бекор қилди. Айбланувчи билан келишув бўйича қарор қабул қилиш учун жавобгарлик АҚШ Мудофаа вазири зиммасида бўлиши керак, деди Ллойд Остин.

Фото: AP

АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин 2001 йил 11 сентябрдаги терактлар ташкилотчиси деб ҳисобланган Холид Шайх Муҳаммад ва яна икки айбланувчининг терговчилар билан тузган судгача келишувларини бекор қилди. Пентагон раҳбари тегишли буйруқни 2 август, жума куни чиқарди. Келишув тўғрисидаги қарорнинг муҳимлигини ҳисобга олиб, «бу қарор учун жавобгарлик менда бўлиши керак», деб тушунтирди Остин.

Бир неча кун олдин Пентагон Шайх Муҳаммад ва яна икки айбланувчи ўз айбини тан олиш ниятида эканликларини эълон қилган эди. Бу уларга ўлим жазосидан қочиш имконини беради. Судгача бўлган келишувлар тафсилотлари ошкор этилмаган.

Терговчиларга кўра, Холид Шайх Муҳаммад ҳужумларни режалаштирган, шунингдек, алоқа ва ҳужумни молиялаштиришни мувофиқлаштирган. У 2003 йилда Покистонда қўлга олинган. АҚШ Сенати ҳисоботига кўра, у сўроқ пайтида Марказий разведка бошқармаси ходимлари томонидан қийноққа солинган. 2006 йилда Кубадаги Гуантанамо АҚШ ҳарбий-денгиз базаси қамоқхонасига кўчирилди ва шу кунгача у ерда қолмоқда. Холид Шайх Муҳаммад ҳарбий трибунал олдида жавоб бериши керак эди, бироқ бу жараён кўп йиллардан бери қолдириляпти.

Тарихдаги энг кўп қурбонлар бўлган теракт

2001 йил 11 сентябрдаги теракт қурбонлар сони бўйича тарихдаги энг йириги бўлди. Террорчилар тўртта йўловчи самолётини эгаллаб олган. Улардан иккитаси Ню-Йоркдаги Бутунжаҳон савдо марказига йўналтирилган, натижада иккала осмонўпар бино қулаб тушди.

Учинчи лайнер Вашингтон яқинидаги Пентагон биносига йўналтирилди. Экипаж ва йўловчилар авиалайнер бошқарувини ҳужумчилардан олишга ҳаракат қилгандан сўнг Пенсилванияда тўртинчи самолёт ҳалокатга учради. 3000 га яқин киши терактлар қурбонига айланди.

Террорчилик хуружларида айбланаётганлар билан келишув ҳақидаги хабар АҚШ Конгрессидаги республикачилар, шунингдек, ушбу ҳужумлар қурбонларининг яқинлари ва аъзолари 11 сентябрда Бутунжаҳон савдо маркази осмонўпар бинолари қулаган жой ва фожиа оқибатларини бартараф этиш бўйича қидирув-қутқарув операциясида иштирок этган Ню-Йорк ўт ўчирувчилар уюшмаси кескин танқидига сабаб бўлди. 

Мавзуга оид