Жаҳон | 19:12 / 03.08.2024
3725
2 дақиқада ўқилади

Трамп Fox News телеканалида Камала Ҳаррис билан баҳслашишга рози бўлди

Телеканал анъанавий тарзда Республикачилар партиясини қўллаб-қувватлайди. Камала Ҳаррис ҳали бу таклифга жавоб бермади.

Фото: Stephen Maturen/Getty Images

АҚШ собиқ президенти ва Республикачилар партиясидан президентликка номзод Доналд Трамп 4 сентябр куни демократлар номзоди Камала Ҳаррис билан жонли эфирда дебат қилишга рози бўлди.

Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида Fox News телеканали билан дебат бўйича келишиб олганини ёзди. Сиёсий позициялар бўйича оммавий мунозаралар Пенсилвания штатида ўтказилиши керак.

«Муҳокама жараёни Брет Байер ва Марта Маккаллум томонидан бошқарилади. Қоидалар «Уйқучан Жо» (АҚШ президенти Жо Байден) билан бўлган баҳсимиздагидек қолади», деб ёзди Трамп.

Трампнинг айтишича, баҳс одамлар гавжум майдонда бўлиб ўтади. «Маълумки, демократлар мағлубиятини тан олган номзодни норасмий равишда янги номзод билан алмаштирди. Аввал ҳеч қачон бундай қилинмаган ва мен буни демократияга таҳдид деб биламан. Аммо мен бу «тўнтариш» оқибатлари билан тўқнашишга тайёрман. Мен баҳсда Жо ўрнига «ақлдан озган Камала» билан тортишишга тайёрман», деди у.

Президентликка номзоднинг таъкидлашича, Байден билан «жанг» учун юзлаб миллион доллар, вақт ва меҳнат сарфлаган.

«Энди улар янги номзодни майдонга туширишди. Бу адолатсизлик, лекин воқеълик шундай. Номзод ким бўлишидан қатъи назар, улар бир хил муваффақиятсиз сиёсатга эга ва бу 4 сентябрда аниқ бўлади. 4 сентябр куни Камала Ҳаррис билан учрашишни интиқлик билан кутаман», деди Трамп.

Камала Ҳаррис ҳали Fox News таклифига жавоб бермади.

Fox News телеканали анъанавий тарзда Республикачилар партиясини қўллаб-қувватлайди.

Демократик партиядан президентликка номзод 19-22 август кунлари Чикагода бўлиб ўтадиган қурултойида расман тасдиқланиши керак.

Мавзуга оид