Жамият | 09:44 / 04.08.2024
4649
2 дақиқада ўқилади

Телеграмдан сохта ҳавола жўнатиб ўзганинг 27 млн сўм пулини ўзлаштирган шахс ушланди

У Телеграм мессенжерида ёлғон эълонлар остида сохта ҳавола жойлаган. Сўнг уни очган жабрланувчининг банк картасига уланиб, пулларини ўз картасига ўтказиб олган.

Телеграмдан сохта ҳавола юбориб, ўзганинг 27 млн сўм пулини ўзлаштирган шахс ушланди. Бу ҳақда ИИВ Киберхавфсизлик маркази хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрида яшовчи М.О. ИИБга мурожаат қилиб, банк картасидан 27 млн сўм пул номаълум шахс томонидан ўзлаштирилганини маълум қилган.    

Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Сурхондарё вилоятида яшовчи 34 ёшли Ж.Г. содир этгани аниқланди.

Унга кўра, Ж.Г. интернет фойдаланувчиларига Телеграм орқали ёлғон эълонлар остида сохта дастур, ҳавола жўнатиб келган. Жабрланувчи M.О. бу эълонларга ишонган ва ҳаволани юклаб олган.

Шундан сўнг Ж.Г. жабрланувчининг банк карта маълумотларини қўлга киритиб, унинг ҳисобидаги 27 млн сўм пулларини ўзининг банк картасига ўтказиб олган ва эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Ж.Г.га нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми "б" банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми ”б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этган шахсларга 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Мавзуга оид