Жаҳон | 07:39 / 05.08.2024
5988
5 дақиқада ўқилади

Украина дастлабки ўнта F-16 самолётини қабул қилиб олди — The Economist

Ваъда қилинган 79 та F-16 қирувчиларининг дастлабки ўнтаси июл ойи охирги кунида Россия Федерациясидан мудофааланиш учун мамлакатга етказилди. Бу йил Украина ушбу самолётлардан 20 тасини олиши керак, қолганлари 2025 йилда келади.

Фото: AP / Efrem Lukatsky

Июл ойининг сўнгги кунида ваъда қилинган 79 та F-16 қирувчи самолётлари дастлабки ўнтаси Украинага етказиб берилди. The Economist 4 август, якшанба куни хабар беришича, бу «тўхтаб қолган Байден маъмурияти ниҳоят ўзининг ғайратли европалик иттифоқчиларига уларни юбориш учун яшил чироқ ёққанидан бир йил ўтиб» содир бўлди. 2024 йил охиригача Украина Америкада ишлаб чиқарилган 20 та қирувчи самолётни олиши керак бўлади. Дания ва Нидерландия бошчилигидаги коалиция томонидан ваъда қилинган қолган F-16 2025 йил давомида партиялар бўлиб келади. 

Нашр келтирган Европадаги Америка кучлари собиқ қўмондони Бен Ходжеснинг сўзларига кўра, самолётни Украинага етказиш учун қанча вақт кетганидан ҳафсаласи пир бўлган. У F-16 самолётларини етказиб беришнинг кечикиши сабабларидан бири сифатида украиналик учувчилар учун ўқув жойлари етишмаслигини кўрсатди. 

Учувчиларнинг инглиз тилини билмаслиги ва улар ўрганиб қолган совет давридаги Миг-29 ва Су-27 самолётларига нисбатан мураккаблиги ҳам ўз таъсирини кўрсатди, деб ёзади The Economist. Яна бир муҳим кечикиш омили - F-16’ни жойлаштириш учун инфратузилмани яратишга кетган вақт.

Россия Украинага етказиб берилган қирувчи самолётларни йўқ қилишга уринади

Германия Мудофаа вазирлиги собиқ бош штаб бошлиғи Нико Ланге газетага Россиядан ҳимояланаётганларга бериладиган самолётлар Россия Қуролли кучлари учун устувор нишонга айланади, деди. Шунинг учун F-16 самолётлари ерости ёки мустаҳкамланган бошпаналари бўлган тарқоқ базаларда, шунингдек, юқори даражада махфийлик билан жойлаштирилган. 

The Economist фикрича, Украинада замонавий қирувчиларнинг секин ва босқичма-босқич тўпланиши туфайли F-16 уруш кейинги боришига сезиларли таъсир кўрсатиши учун бироз вақт ўтиши мумкин. Уларни Украина ҳаво мудофаа тизимларига интеграция қилиш ва операцион тажриба орттириш ҳам вақт талаб этади.

«Бироқ, F-16 келиши НАТО стандартларига мувофиқ ҳаво кучларининг ривожланиши бошланишини англатади, бу Украинани яхши ривожланган F-16 таъминот занжири билан боғлайди», деб хулоса қилади нашр. Унга кўра, кечикишларга қарамай, «F-16 аҳамиятини эътиборсиз қолдириб бўлмайди». 

Стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказининг сўнгги ҳисоботида айтилишича, маҳаллий ҳаво устунлигини қўлга киритиш ва қуруқликдаги қарши ҳужумни қўллаб-қувватлаш учун Украинага ҳар бирида 18 нафар қирувчи бўлган 12 ёки ундан ортиқ эскадриля керак. 

Зеленский узоқ кутилган етказиб бериш ҳақида

Украина президенти Володимир Зеленский 4 август куни Telegram’да: «F-16 Украинада» деб ёзди. У «бу самолётларни сифатли ўзлаштирган ва уларни давлат учун қўллашни бошлаган йигитлар» билан фахрланиб, бу натижа учун ўз жамоаси ва барча ҳамкорларига миннатдорчилик билдирди.

«Ҳаво кучларимиз, барча аскарларимиз жанговар авиациямиз билан украиналикларнинг ғурурини ҳис қилишларини ва Украинага ғалабамизни яқинлаштирадиган жанговар натижаларни – Украина учун адолатли тинчлик олиб келишларини тилайман», — деди Зеленский. 

АҚШ F-16'ни «ҳаво-ҳаво» ва «ҳаво-ер» ракеталари билан жиҳозлашга рухсат берди

Қўшма Штатлар Украинага юборилган F-16 қирувчи самолётларини ракеталар ва бошқа замонавий қуроллар билан жиҳозлашга рози бўлди. Бу ҳақда 30 июл куни The Wall Street Journal манбаларга таяниб хабар берди. Шу пайтгача Украина учун қирувчи самолётларга жанговар техника масаласи ҳал этилмаган, дея қайд этади WSJ. Оқ уй Киевга AIM-120C-8 AMRAAM ва AIM-9X «ҳаво-ҳаво» ракеталари, шунингдек, AGM-88 HARM «ҳаво-ер» типидаги радарларга қарши ракеталарни тақдим этади. WSJ хабарига кўра, Украина F-16 учун бошқа «замонавий қуроллар» ҳам олади. Етказиб бериш қачон бошланиши аниқлаштирилмаган.

Май ойининг охирида ҳарбий хизматчиларнинг биринчи гуруҳи Аризонадаги АҚШ ҳарбий базасида F-16 қирувчи самолётларини бошқариш бўйича ўқув машғулотларини якунлади. Июл ойида Нидерландия ва Дания ҳукуматлари АҚШ кўмагида ҳарбий самолётларни Украинага ўтказиш жараёнини бошлади. АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен аввалроқ F-16 самолётлари «бу ёзда Украина осмонида учади», деб таъкидлаганди.

Мавзуга оид