Жаҳон | 09:07 / 05.08.2024
1254
2 дақиқада ўқилади

Венесуэла президенти тартибсизликлар чоғида икки ҳарбий ҳалок бўлганини маълум қилди

Касалхоналар, университетлар ва жамоат транспортига зарар етган, 120 нафар хавфсизлик кучлари жароҳатланган.

Фото: AP / Matias Delacroix

Венесуэладаги намойишлар туфайли бошланган тартибсизликлар чоғида икки ҳарбий ҳалок бўлди, яна 120 нафар ҳуқуқ-тартибот ходими яраланди.

Бу ҳақда Венесуэла президенти Николас Мадуро Каракасдаги Мирофлорес саройида журналистларга маълум қилди.

Давлат раҳбари нотинчликлар пайтида шифохоналар, университетлар ва жамоат транспортига зарар етказилганини таъкидлади.

Мадуро ҳуқуқ-тартибот идоралари хавфсизлик кучларининг ўлимига ва жароҳатланишига сабаб бўлган ҳар бир шахсни аниқлаб, жавобгарликка тортишига ишонтирди.

Президент Миллий сайлов кенгаши (CNE)га киберҳужум ортида америкалик миллиардер Илон Маск турганини таъкидлаб, мамлакат хавфсизлик тизимини мустаҳкамлашга ваъда берди.

«Бу вандализмни тинч намойишлар билан оқлаб бўлмайди. 20 дан ортиқ бошланғич мактаб, 34 та ўрта мактаб, университетлар, шифохоналар, супермаркетлар, 30 та тез тиббий ёрдам машинаси ва 200 га яқин полиция машинаси ҳужумга учраган. Қўмондон Уго Чавес ёдгорликлари бузиб ташланди. Буни қилганларнинг кўпчилиги ҳатто овоз беришда қатнашмаган. Улар Техасдан келиб, тартибсизликлар келтириб чиқарди. Улар орасида гиёҳвандлар ҳам бор», — деди президент.

Мадуро барчани Миллий сайлов кенгаши (CNE) томонидан эълон қилинган сайлов натижаларини ҳурмат қилишга чақирди ва Конституция ҳамма учун мажбурий эканлигини таъкидлади.

28 июль куни мамлакатда бўлиб ўтган президентлик сайловлари билан боғлиқ АҚШ айбловларини изоҳлар экан, Мадуро Вашингтонни иккиюзламачиликда айблади.

«Доналд Трамп 2020 йилги президентлик сайловларига кўплаб эътирозларни билдирди, сохталаштиришлар ҳақида даъво қилди, кейин нима бўлди? Овозлар қайта санаб ўтилдими ёки баённома талаб қилиндими?» - деди давлат раҳбари.

Мадуронинг айтишича, Венесуэла ҳукумати мамлакатда тинчлик, осойишталик ва хавфсизликни таъминлашга қарор қилган.

«Биз Венесуэладаги барча иқтисодий, савдо ва транспорт фаолиятининг 90 фоизини тикладик. Ҳеч ким Венесуэланинг ички ишларига аралашмаслиги керак, биз Конституцияга мувофиқ яшаймиз», — дея қўшимча қилди давлат раҳбари.

Мавзуга оид