Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Салим Абдувалиевга нисбатан қидирув эълон қилди
Айни вақтда Ўзбекистонда жазо муддатини ўтаётган 73 ёшли тадбиркор Қирғизистонда уюшган жиноий гуруҳини молиялаштиришда айбланмоқда. Бишкек шаҳар Октябр туман суди қарори билан Салимбой Абдувалиевга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги сиртдан эҳтиёт чораси танланиб, у давлатлараро қидирувга берилган.
«Тезкор-қидирув тадбирлари доирасида Ўзбекистоннинг йирик тадбиркорларидан бири Абдувалиев томонидан «Биродарлар давраси» халқаро жиноий гуруҳи таркибига кирган Қамчибек Асанбек (Қамчи Қўлбоев) уюшган жиноий гуруҳ фаолиятини молиялаштириш фактлари аниқланди», — дейилади Қирғизистон МХҚсига таяниб тарқатилган хабарда.
Шунингдек, МДҲ давлатларида бевосита таъсирга эга бўлган ҳолда, гиёҳвандлик воситаларини Европа давлатларига олиб ўтиш бўйича ноқонуний каналлар ташкил этганликда айбланмоқда. У Қамчи Қўлбоевга мунтазам равишда моддий ёрдам кўрсатиб келган ва уни минтақадаги нуфузли криминал авторитетлар қаторида Қирғизистон жиноят оламининг етакчиси бўлишига ёрдам берган.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Қамчибек Қўлбоев ва Салимбой яқин муносабатда бўлганини айтиб, Қўлбоевнинг Ўзбекистонда уюштирилган байрамларга ташрифи расмларини эълон қилди.
Бундан ташқари, Салимбой Абдувалиев Қирғизистон ва МДҲ давлатларида маълум даражада эриша олган таъсир доирасини кенгайтириб, Қамчибек Қўлбоевнинг уюшган жиноий гуруҳини молиялаштиргани айтилмоқда.
Тўпланган материаллар асосида Бишкек шаҳар Октябр туман суди қарори билан Салимбой Абдувалиевга нисбатан сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланиб, у давлатлараро қидирувга берилган.
Аввалроқ Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев парламент йиғилишида собиқ депутат Эмил Жамғирчиев ўзбекистонлик криминал бошлиғи Салимбой Абдувалиевдан ёрдам сўрагани ва унга мактуб йўллагани ҳақида маълум қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Салим Абдувалиев 2024 йил 19 март куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг ҳукми билан 6 йил озодликдан маҳрум қилинган. У 2023 йилнинг декабр ойида ўқотар қуролни қонунга хилоф равишда сақлашда гумонланиб ушланган эди.
Мавзуга оид
17:21 / 06.11.2024
Туркий давлатлар ташкилоти саммитида 8 та ҳужжат имзоланди
21:34 / 05.11.2024
Қирғизистонлик аёллар 10 нафаргача фарзанд кўришга чақирилди
19:40 / 05.11.2024
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги 3 та чегара божхона постларида транспорт ҳаракати вақтинча тўхтатилади
18:09 / 05.11.2024