Россия украин ҳарбийлари Курск областига бостириб киришга урингани ҳақида хабар қилди
Украина қуролли кучлари бу борада изоҳ бермаяпти.
Россиядаги Z-пабликлар ва Курск областидаги телеграм-каналлар 6 август тонгида, Россия-Украина чегарасининг бир қанча участкаларида тўқнашувлар бошлангани ҳақида хабар тарқатди. Astra нашри эътибор қаратишича, ҳарбий соҳага ихтисослашган «Два майора» пропагандачи канали хабарида Украина қуролли кучларининг кичик гуруҳи «фронтнинг тор участкаларидан бирида чегарадан ўтгани» ва бир неча юз метрга илгарилагани айтилади.
Курск области расмийлари соат 10 атрофида Украина қуролли кучлари регион ҳудудига кириб келишга урингани ҳақида хабар берди. Бундай хабарлар Суджанский ва Кореневский районларидан келиб тушган, деган Курск области губернатори вазифасини вақтинча бажарувчи Алексей Смирнов. Унинг сўзларига кўра, «Россия ФСБ чегара хизмати ҳамда РФ қуролли кучлари жангчилари чегара бузиб ўтилишига йўл қўймаган».
Кучишлатар тузилмаларга алоқадор ҳисобланган Mash телеграм-канали тунда украинларнинг 100 га яқин кишидан иборат диверсия гуруҳи оғир техникаларда, артиллерия ҳамда дронлар кўмагида Курск области Суджанский районида РФ ҳудудига киришга ҳаракат қилган.
РФ мудофаа вазирлиги тунда ва тонгда ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Курск области узра 24 та пилотсиз учиш аппаратларини уриб туширгани ҳақида хабар берган. Губернатор Алексей Смирновнинг маълумотида эса уриб туширилган дронлар сони 26 та бўлгани келтирилади. Регион раҳбарининг сўзларига кўра, чегарадаги Суджа шаҳрида Украина ҳарбийлари зарбалари оқибатида 1 киши ҳалок бўлиб, 13 киши яраланган.
Mash маълумотига кўра, украин диверсантлари ва Россия қўшини ўртасидаги жангда камида 20 нафар украин ҳарбийси ҳалок бўлиб, 50 га яқини яраланган. Жанглар давом этаётгани, украиналик ҳарбийлар кичик гуруҳларга бўлиниб, «Суми областининг Шосткинский районидаги посадкаларга тарқалгани» айтилган.
Россия пабликлари Курск областига ҳужум қилган украин техникалари фотоларини тарқатган.
«Два майора» канали тасдиқлашича, украин ҳарбийлари — пиёдалар ва зирҳли техникалар — Курск области Суджа шаҳри атрофидаги Куриловка ва Гончаровка посёлкалари йўналишида ҳаракат қилишда давом этмоқда. Бошқа бир Z-канал, «Zаписки Vетерана» эса Украина қуролли кучлари Белгород областига ҳам ёриб киришга урингани ҳақида маълумот берган. Бу маълумотнинг расмий тасдиғи йўқ.
Россиялик ҳарбий мухбирларга кўра, Россия армияси Украинанинг Россиянинг Курск области билан чегарадош Суми областида тўпланган украин ҳарбийларини ўққа тутмоқда. Суми шаҳри ҳарбий маъмурияти бошлиғи Олексий Дрозденко маҳаллий аҳолини «шу кунларда ҳаво тревогаси сигналларига эътиборсизлик қилмаслик, бундай огоҳлантиришга реакция кўрсатиб, хавфсиз жойларга ўтиш»га чақирган.
Россия ФХХ Украина қуролли кучлари Курск области билан чегарада «қуролли провокация» уюштиргани тўғрисида хабар берган. «Чегарачилар Россия қуролли кучларининг бириктирилган бўлинмалари билан биргаликда қуролли тажовузни қайтариш чораларини кўрди», — дея ёзган РИА Новости махсус хизматга таяниб. ФХХ ҳеч қандай тафсилотларни келтирмаган.
Украина қуролли кучлари Бош штаби, Украина мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси, Россия мудофаа вазирлиги ҳозирча бу хабарлар юзасидан муносабат билдирмади.
Украина ва Россия ўртасидаги уруш даврида Россиянинг чегарадош ҳудудлари бўлмиш Курск ва Белгород областларига бир неча бор Украина томонида жанг қилаётган ва Украина разведкасига алоқадор ҳисобланган россияликлардан тузилган бўлинмалар ёриб киришга ҳаракат қилганди.
Мавзуга оид
14:20 / 20.12.2024
ГФР полицияси мамлакат бизнесини РФ диверсияси таҳдиди ҳақида огоҳлантирди
08:41 / 14.12.2024
РФ «ҳарбий мухбирлари»: КХДР аскарлари Курск областида жанг қилмоқда
16:04 / 27.11.2024
Курск суди УҚК сафида жанг қилган британияликни ҳибсга олди
07:50 / 27.11.2024