Исроиллик истеъфодаги генерал: Тел-Авив минтақавий урушга АҚШсиз кира олмайди
Исроил глобал уруш оқибатларини мустақил равишда енгишга қодир эмас, «Исроил армияси бундай етарли кучга эга эмас», деди Ицхак Брик.
Эрон ва «Ҳизбуллоҳ»га қарши ҳар қандай огоҳлантирувчи зарба Исроил армиясининг ўзи бардош бера олмайдиган минтақавий урушга олиб келади.
Бу ҳақда исроиллик истеъфодаги генерал-майор Ицхак Брикнинг Chanel 12 телеканали тарқатган мақоласида айтилади.
Тел-Авив буни Қўшма Штатлар кўмагисиз амалга ошира олмайди, дейилади «Исроил АҚШга тўлиқ қарам бўлгани ҳолда минтақавий уруш томон шиддат билан ҳаракат қилмоқда» сарлавҳали материалда.
«Кеча Исроил ҳарбийлари учун хавотирли вазиятни ҳали тушунмаган бир қанча одамлар Исроилга жавоб беришдан олдин Эрон ва «Ҳизбуллоҳ»га профилактик зарба бериш зарурлигини билдирди. Афсуски, бу одамлар «Ҳизбуллоҳ» ва Эронга қарши ҳар қандай превентив зарба дарҳол минтақавий урушга олиб келишини ҳисобга олишмаяпти», - дейди муаллиф.
Агар Исроил олдиндан ҳужум уюштирса, аҳоли пунктлари, электр станциялари, ёнилғи қуйиш шохобчалари, саноат инфратузилмаси ва ҳарбий базалар ҳар куни минглаб ракеталар ва учувчисиз учоқлар томонидан ҳужумга учраган бўларди, деди Брик.
«Исроил ҳарбийлари минтақавий урушга жавоб беришга, мамлакат инфратузилмасини ҳимоя қилишга ёки Эрон, «Ҳизбуллоҳ» ва уларнинг шерикларини мағлуб этиш кучига эга эмас», деди истеъфодаги генерал-майор.
Шу билан бирга, унинг фикрича, Эрон ва «Ҳизбуллоҳ»дан кутилаётган муносабат юмшоқ бўлса, минтақавий уруш эҳтимоли пасаяди.
Ҳар ҳолда, Исроил армияси минтақавий урушда ёлғиз кураша олмайди, армия ўзи қаршилик кўрсатишга қодир эмас ва у АҚШ ёрдамига муҳтож, дея таъкидлади Брик.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ президенти Жо Байден Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуга Оқ уй розилигисиз бундай қадам қўйилган тақдирда Вашингтон Исроилни қўллаб-қувватламаслигини айтиб, унга зарба йўллашга рухсат бермаган.
«Ўйлайманки, Байден Нетаняҳуга Қўшма Штатлар Эрон ва «Ҳизбуллоҳ»нинг ҳарбий ва иқтисодий объектларига, улар қизил чизиқни кесиб ўтиб, Исроил фуқаролари катта зарар кўрган тақдирдагина ҳужум қилишни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини айтди», деди у.
Муаллифнинг ишончи комилки, бундай воқеалар ривожида Америка Қўшма Штатлари Исроилга ёрдам беради, ҳатто бу кенг кўламли минтақавий урушга олиб келса ҳам.
«Аммо, агар Нетаняҳу Байденнинг тавсияларига амал қилишда давом этмаса, биз эҳтимолий урушда ёлғиз қоламиз», деб қўшимча қилди истеъфодаги генерал-майор.
Мавзуга оид
17:32
Нетаняҳу мудофаа вазирини бўшатди: бу ғалаёнларга сабаб бўлмоқда
14:13
Ғазо секторида Исроил ҳужумларида 16 фаластинлик ҳалок бўлди
14:49 / 07.11.2024
Исроил армияси Ғазо шимолидаги учта касалхонага зарба берди
12:57 / 07.11.2024