Жамият | 14:00 / 09.08.2024
4801
3 дақиқада ўқилади

Мактаб сумкасини қандай танлаш керак? – мутахассис тавсиялари

Республика болалар ортопедия маркази директори Акбар Тиляковга кўра, нотўғри танланган ва фойдаланилган рюкзаклар келгусида сколиоз каби касалликларнинг ривожланиш хавфини ошириши мумкин.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Мактабларда янги ўқув йили бошланишига оз қолди. Ҳозирда ота-оналар фарзандлари учун мактаб бозори қилишда давом этяпти. Шундан келиб чиқиб Соғлиқни сақлаш вазирлиги болалар учун қандай сумка танлаш ва ундан қандай фойдаланишга оид қатор тавсиялари билан бўлишди.

Республика болалар ортопедия маркази директори Акбар Тиляковга кўра, нотўғри танланган ва фойдаланилган рюкзаклар мактаб ёшидаги болаларнинг умуртқа поғонаси ҳамда мушаклари учун ортиқча юкламани келтириб чиқаради. Бу ҳолат эса келгусида сколиоз каби касалликларнинг ривожланиш хавфини ошириши мумкин.

Мутахассис буларнинг олдини олиш учун 7 та муҳим жиҳатга эътибор қаратиш лозимлигини айтган.

Биринчидан, мактаб сумкаси боланинг орқа қисмига қулай жойлашадиган ўлчамда, тасмалари елка қисмига ботмайдиган, кенг ва юмшоқ ёстиқчали қопламалар билан таъминланган бўлиши лозим.

Иккинчидан, сумка матоси сув ўтказмайдиган, орқа астари эса юпқа бўлмаслиги керак. Акс ҳолда, сумка ичидаги қаттиқ буюмлар, китоблар жилдининг бурчаклари кураклар ҳамда бел соҳасида оғриқ ва жароҳатларни келтириб чиқариш хавфи бор.

Учинчидан, рюкзакларни икки елкага баравар осиш тавсия этилади. Бу оғирликнинг тана бўйлаб мувозанатли тақсимланишига хизмат қилади ва умуртқа поғонаси эгрилиги билан боғлиқ патологиялар келиб чиқишидан асрайди.

Тўртинчидан, мактаб сумкаси белдан пастга тушмаган ҳолатда, лекин ундан 5 сантиметрдан кам бўлмаган узунликда тақиб юрилиши мақсадга мувофиқ.

Бешинчидан, рюкзакнинг умумий оғирлиги бола вазнининг 10-15 фоизидан ошмаслиги керак. Бу меъёр кичик ёшдаги ўқувчилар учун тахминан 3-5 килограмм, ўрта синфдаги болажонлар учун 6-8 килограммга тенг.

Олтинчидан, сумкага ўқув қуроллари ва жиҳозларини жойлаштириш ҳам муҳим жараён. Жумладан, оғир нарсалар рюкзак ўртасига, енгиллари ҳар икки томонига мувозанатли солингани маъқул.

Еттинчидан, катта ҳажмдаги, оғир ва ноқулай рюкзаклардан фойдаланиш болажонларнинг зинапоя ва йўлакларда йиқилиш хавфини оширади.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг тегишли фармони билан мустақиллик байрамида кетма-кет 4 кун дам олинади. Шунга мувофиқ, 2024/2025 ўқув йили 4 сентябрдан бошланади.

Мавзуга оид