“РайОНО”га бошлиқлик учун $55 000, ўқитувчиликка $1000: ишга киритиб қўймоқчи бўлганларга ҳукм ўқилди
Навоий шаҳрида 1000 долларга мактабга ўқитувчиликка ишга киритиб қўймоқчи бўлган маҳалла раиси, Қашқадарёда 55 минг долларга туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири лавозимига жойлаштириб қўйишни ваъда қилган “Баркамол авлод” болалар мактаби директори жиноий жазога тортилди. Уларнинг ҳар иккиси фирибгарлик ва пора бериш жиноятини содир қилганликда айбли деб топилган.
Кўкдала туманидаги “Баркамол авлод” болалар мактаби директори Х.И. (аёл) 6 йилга озодликдан маҳрум қилинди. У фирибгарлик ва пора беришда айбланган.
Kun.uz ўрганган суд ҳукмида келтирилишича, 2022 йил 2 июн кунидан Кўкдала туманидаги “Баркамол авлод” болалар мактаби директори лавозимида ишлаб келган 42 ёшли Х.И. ўзганинг пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишни мақсад қилган. У ушбу мақсадда Қарши туманидаги 12-сонли умумий ўрта таълим мактаби директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари лавозимида ишловчи шахс ишончига кириб, таълим соҳасида юқори лавозимда ишловчи таниши орқали уни Яккабоғ тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири лавозимига ишга жойлаштириб қўйиш ҳақида ёлғон ваъдалар берган.
Х.И. бунинг эвазига 55 минг АҚШ доллари беришини талаб қилган. Шунингдек, директор ўринбосарига “Best Publication” илмий тадқиқотлар ҳамда ёшларни қўллаб-қувватлаш марказининг “Энг яхши хизматлари учун” эсдалик нишони олиб бериш эвазига унинг 4 млн сўм пулини қўлга киритган.
У 2024 йил 11 феврал куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги “Sayyor” кафесида директор ўринбосаридан “РайОНО” мудирлиги учун келишилган 55 минг доллардан 30 минг долларини қўлга киритган вақтида ўтказилган тезкор тадбирда ушланган.
Х.И. ўзига қўйилган айбловга иқрорлик билдирмасдан, суддан ўзига нисбатан оқлов ҳукм чиқаришни сўраган. Аммо унинг қилмиши гувоҳларнинг кўрсатмалари билан ўз исботини топган.
Суд ҳукми билан Х.И. Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 3-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан 1 йил муддатга давлат иштирокидаги ташкилотларда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 6 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Х.И.га қўлланган гаров тарзидаги эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, у суд залида қамоққа олинган.
Навоий шаҳридаги Баҳор маҳалласи раиси И.З. (эркак) эса танишидан уни ҳокимликдаги таниши орқали шаҳардаги мактаблардан бирига ўқитувчиликка ишга киргизиб қўйиш учун 1000 доллар сўраган. Раис келишилган пулдан 5,6 млн сўмини олган вақтида тезкор тадбирда қўлга олинган.
И.З. судда айбига иқрор бўлиб, пул соғлиги ёмонлашгани учун дори-дармон олишга керак бўлганини, уни шу мақсадда олганини билдирган ҳамда қилмишидан пушаймонлигини айтиб, суддан енгиллик сўраган.
Суд ҳукми билан И.З. Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 1-қисми ва 28,211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 2 йил 1 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Маҳалла раисига соат 22:00 дан 6:00 гача бўлган вақт оралиғида ўз яшаш уйидан чиқмаслик, ресторанлар, кафелар, барлар, клублар, дискотекаларга бормаслик, алкоголли ичимликлар ичмаслик, Навоий вилоят ҳудудидан ташқарига чиқмаслик каби қўшимча чекловлар юклатилган.
Мавзуга оид
16:19 / 24.12.2024
Танқиддан сўнг: 2 боланинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди
21:28 / 18.12.2024
Гулистон ИИБ ТБ фуқаролик низосидан жиноят иши “ясади”. Терговчи янги йилни иссиқ уйида, 50 ёшли аёл эса Россия ҳибсхонасида кутиб оладими?
17:20 / 17.12.2024
Хитойда катта миқдорда пора олишда айбланган партия мулозими қатл этилди
21:02 / 12.12.2024