Жаҳон | 08:52 / 09.08.2024
8678
3 дақиқада ўқилади

Россия ва Хитой 30 йил ичида биринчи марта бартерга ўтиши мумкин

Reuters хабарига кўра, Россия ва Хитой ўртасидаги, айниқса, қишлоқ хўжалигида бартер савдоси АҚШ томонидан диққат билан кузатилаётган банклар орқали амалга ошириладиган транзакцияларга муқобил бўлиши мумкин.

Фото: Reuters

Россия ва Хитой Украинага қарши ҳужум учун Россияга нисбатан санкциялар доирасида АҚШ томонидан назорат қилинадиган банк тизимларидан фойдаланишни чеклаш учун қарийб 30 йил ичида биринчи марта бартер савдо схемаларига ўтиши мумкин. Бу ҳақда 8 август, пайшанба куни Reuters агентлиги савдо ва тўловлар соҳасидаги уч манбага таяниб хабар берди

Россия Федерацияси бартер савдоси қоидаларини ишлаб чиқмоқда ва агентлик томонидан сўралган рус манбалари Хитой ҳам шундай қилмоқда, деган тахминда.

Россия президенти Владимир Путиннинг май ойида Хитойга ташрифи чоғида томонлар Хитой банклари орқали тўловларни кечиктириш масаласини муҳокама қилган эди. Россия президентининг сафари олдидан АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Пекинни Хитой компаниялари Россия ҳарбий-саноат комплексини қўллаб-қувватласа, уларга қарши иккиламчи санкциялар таҳдиди ҳақида яна бир бор огоҳлантирди.

Reuters агентлигига кўра, Хитой молия соҳасида Вашингтон учун фаолиятини назорат қилиш қийинроқ бўлган минтақавий банкларда фаолроқ иштирок эта бошлаган. Шунга қарамай, ҳали ҳам бир қатор қийинчиликлар мавжуд.

Шу муносабат билан озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш орқали Россия билан савдо имкониятлари муҳокама қилинмоқда. Агентлик таъкидлаганидек, ушбу моделдан фойдаланган ҳолда биринчи қишлоқ хўжалиги битимлари кузда тузилиши мумкин.

Москва ва Пекин ўртасидаги бартер битимлари СССР парчаланишидан олдин долзарб эди

Пекинда бартер алмашинуви тажрибаси бор. Шундай қилиб, 2019 йилда Хитой Малайзиядан тахминан 150 миллион доллар (137 миллион евро) қийматидаги палма ёғи эвазига Куала-Лумпур ҳукуматига қурилиш хизматлари, табиий ресурслар маҳсулотлари, шунингдек, фуқаролик ва мудофаа ускуналарини етказиб беришга келишиб олди.

2021 йилда Эрон писта эвазига Хитойдан 2 миллион долларлик (1,8 миллион евро) автомобил қисмлари олди.

Москва ва Пекин ўртасидаги айирбошлаш битимлари Совет Иттифоқи парчаланишидан олдин долзарб бўлган ва 1990-йилларда тўхтатилгунга қадар давом этган. Reuters манбаларининг таъкидлашича, бу амалиёт тахминан 30 йил ичида биринчи марта қайтарилмоқда.

«Ведомости» газетасининг ёзишича, Хитой банклари агар валюта Россия компаниялари ёки жисмоний шахслари билан операцияларда фойдаланилган деб гумон қилса, юан билан операцияларни рад этиши мумкин. 

Мавзуга оид