Жаҳон | 21:23 / 09.08.2024
5497
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонда собиқ президент вазифасини бажарувчи ва ташқи ишлар вазирига жиноят иши қўзғатилди

Улар ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олиш иши бўйича ҳибсга олинган Тожикистон Демократик партиясининг собиқ раиси Саиджафар Усмонзода билан «яқин алоқада» бўлгани айтилмоқда.

Ҳамрохон Зарифий / Фото: ТАСС

Тожикистон бош прокурори Юсуф Раҳмон республикада юқори лавозимларни эгаллаган тўрт нафар сиёсатчига нисбатан жиноят иши қўзғатилганини тасдиқлади. Тергов 1991 ва 1992 йилларда Тожикистонда собиқ президент вазифасини бажарувчи Акбаршо Искандаров, собиқ ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий, Демократик партия раиси ўринбосари Аҳмадшоҳ Комилзода ва Тожикистон Социал-демократик партияси раҳбари ўринбосари Шокиржон Ҳакимовга нисбатан олиб бориляпти.

Прокурорнинг сўзларига кўра, улар 14 июнь куни ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олиш иши бўйича ҳибсга олинган Тожикистон Демократик партиясининг собиқ раиси Саиджафар Усмонзода билан «яқин алоқада» бўлган.

«Давлатни, миллат ва президентни сотган инсон ким бўлиши, қайси лавозимда ишлаши ёки қайси лавозимни эгаллаганидан қатъи назар қонун олдида жавоб беради», — дейди Раҳмон.

Шу билан бирга, бош прокурор тергов сирини ва ишнинг махфийлигини таъкидлаган ҳолда терговга оид батафсил маълумотларни ошкор қилишдан бош тортган. Раҳмон, шунингдек, журналистларнинг гумонланувчилар қаерда сақланаётгани борасидаги саволини ҳам жавобсиз қолдирган.

«Ховар» давлат агентлиги 14 июль куни Демократик партиясининг собиқ раиси Саиджафар Усмонзода ҳибсга олинганини маълум қилганди. Бош прокуратура уни Тожикистонда тақиқланган «Тожикистон миллий иттифоқи» — мухолифат партияларни бирлаштирган ва хорижда фаолият юритувчи ташкилот билан тил бириктирганликда айбламоқда.

Прокурорга кўра, Усмонзода 2021 йилнинг сентябрида «Миллий иттифоқ» етакчиларидан бири Шарофиддин Гадоев билан музокаралар ўтказган ва у ўз мақсадларини амалга ошириш учун молиявий ёрдам ваъда қилган. Таъкидланишича, Гадоев Усмонзодага «мамлакатда нуфузли одамларни оғдириб олиш ва митинглар уюштириш» учун 10 миллион доллар ваъда қилган.

Мавзуга оид