Жаҳон | 20:38 / 09.08.2024
15737
10 дақиқада ўқилади

Украин армияси Курск областидаги назорат зонасини кенгайтирмоқда. Унинг режалари қанақа?

Анатолий Жданов / Коммерсант / Sipa USA / Vida Press

Украина қўшини Курск областининг эгаллаб олинган ҳудудларида мустаҳкам ўрнашмоқда, айрим жойларда назорат зонасини кенгайтирмоқда, олдинга юришда ёки юзага келган плацдармларда туриб разведка рейдларини амалга оширмоқда. Айни вақтда улар Суджа райони марказининг катта қисмини — шу номли дарёнинг ғарбидаги ҳудудларни эгаллаб олишган. Россия қўшини бироз тепароқда бўлган шарқий соҳилни ушлаб турибди, аммо бу ердаги бўлинмалар оғир вазиятга тушиб қолган — уларни икки қанотдан айланиб ўтишмоқда.

Жанглар ҳудудидан кўплаб хабарлар келиб тушмоқда, аммо уларнинг кўпчилиги текширилмаган ва бўлаётган воқеаларнинг тўлиқ тасвири ноаниқлигича қолмоқда. Бундан ташқари вазият тез ўзгармоқда.

Курск областида узлуксиз фронт чизиғи мавжуд эмаслиги туфайли ҳудуднинг катта қисми можаронинг икки томони томонидан ҳам назора қилинмаётган кулранг зона бўлиб турибди. Украина қуролли кучларининг мобил разведка гуруҳлари пайдо бўлгани ҳақидаги хабарлар айнан шундай жойлардан келмоқда.

Чоршанба куни кечқурун украин армиясининг илғор бўлинмалари областдаги бошқа бир район маркази — Суджадан 30 километр шимоли-ғарбда ва чегаранинг энг яқин нуқтасидан 20 километр масофада бўлган Коренево шаҳрини эгаллашга ҳаракат қилаётгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлганди. Россия телеграм-каналларига кўра, ҳужум қайтарилган, украин қўшини ортга чекинган, аммо узоққа кетмаган ва янги ҳужумга тайёрланаётган бўлиши мумкин.

Украина қуролли кучлари бошқа йўналишлар бўйлаб ҳам олиб борилмоқда, тинч аҳоли вакиллари ёппасига эвакуация қилинмоқда. Област губернатори вазифасини бажарувчиси Алексей Смирнов пайшанба куни Владимир Путинга чегара ҳудудлар аҳолиси зирҳланган инкассатор машинасида ҳам олиб чиқилаётганини айтди.

Шу кунларда 40 дан ортиқ россиялик ҳарбий «Суджа» назорат-ўтказиш пункти ҳудудида Украина қуролли кучлари ҳарбийларига асир тушгани акс этган видео ҳам тарқалди.

Россия мудофаа вазирлиги ўтган кун давомида «рақиб олдинга юришига йўл қўйилмагани», «алоҳида бўлинмаларнинг Курск йўналишида чуқур кириб бориш»га бўлган уринишлари тўхтатилгани ҳақида хабар қилди.

Консерватив баҳо

Америка Урушларни ўрганиш институти (ISW), одатдаги каби, урушаётган томонларнинг ҳолатига фақат юз фоизлик тасдиқланган геолокация маълумотларига асосланган ҳолда эҳтиёткорлик билан баҳо берган.

Институтнинг Курск областидаги ҳарбий ҳаракатлар харитаси қуйидагича кўринишда:

ISW маълумотига кўра, украин қўшинининг Курск области ичкарисига илгарилаши камида 10 километрни ташкил этмоқда, украинларнинг зирҳли техникалари 38К-030 Суджа — Коренево трассаси бўйидаги позицияларни эгаллаган.

«Курск областида юриш қилаётган украин қисмларининг тасдиқланган жойлашув маълумотлари шуни кўрсатмоқдаки, улар россияликларнинг камида иккита мудофаа чизиғини ёриб ўтишган ва таянч пунктларини эгаллашган», — дея ёзган ISW.

Курск областининг собиқ губернатори, ҳозирда транспорт вазири ҳисобланган Роман Старовойт 2022 йил октябрида иккита мустаҳкамланган мудофаа линиясини қуриш ишлари якунлангани тўғрисида ҳисобот берганди.

Мудофаа вазирлигининг камтарона рақамлари

Сешанба куни Курск областига Украина қуролли кучларининг 300 нафар ҳарбий хизматчиси бостириб киргани ва уларнинг устига аниқ зарбалар йўллангани ҳақида хабар берган РФ мудофаа вазирлиги пайшанба кунги ҳисоботида рақибнинг олдинга юришига йўл қўйилмаганига урғу қаратди.

«Курск йўналишида ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан буён рақибнинг йўқотишлари 660 нафар ҳарбий хизматчи ва 82 та зирҳли техника, жумладан саккиз танк, 12 та зирҳли транспортёр, пиёдаларнинг олтита жанговар машинаси, 55 та зирҳланган машина ҳамда битта тўсиқларни суришга ихтисослашган муҳандислик машинаси бўлди», — дея хабар қилган Россия мудофаа вазирлиги.

7 август куни Россия бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов Путинга берган ҳисоботида украин бўлинмаларининг (у уларнинг сонини 1000 нафарга яқин деб айтганди) Курск  области ичкарисига ҳаракатланиши тўхтатилганини маълум қилганди.

Худди шу куни кечқурун регионда фавқулодда ҳолат режими эълон қилинди.

Сешанба куни Владимир Путин Курск областидаги вазиятни кучишлатар тузилмалар раҳбарлари билан муҳокама қилди 

«Суджа амалда Украина қуролли кучларининг тўлиқ назорати остида»

Россиядаги ҳарбий мавзуга ихтисослашган телеграм-каналлар ёзишича, украин қўмондонлиги Курск областидаги амалиётга ёрдамчи бўлимларни ҳисобга олмаганда, камида бешта бригада ва яна бир неча баталёнларнинг шахсий таркиби ва техникаларини жалб этган.

Rybar пропаганда канали хабарида эса украинларнинг саккизта бригадаси ҳақида гап боради — иккита десант-штурм бригадаси ва иккита механизациялашган бригада, шунингдек «тадбирда қисман иштирок этаётган» яна тўртта бригада.

Канал маълумотига кўра, Суджа «амалда Украина қуролли кучларининг тўлиқ назорати остида» қолмоқда, бу ерга украинларнинг қўшимча кучлари олиб келинмоқда. «Россия кучлари фақат шаҳардан шарқдаги айланма йўлни назорат қилмоқда», — дея ёзади канал, аммо шу ўринда «украин бўлинмалари Мирнийга ҳам киргани ва мустаҳкам ўрнашиб олгани»ни қўшимча қилган.

Суджадан шимоли-шарқда жойлашган Мирний украинлар қўлига ўтиши Суджанский райони маркази ва унинг атрофи тўлиқ қуршаб олингани ва Курск томон чекиниш учун ягона йўл — Р200 трассаси қолганини англатади.

«Богдановка, Княжий, Княжий-1, Княжий-2 қишлоқлари каби катта эҳтимол билан душман назоратига ўтган Казачя Локня томондан далалар орқали ҳаракатланган Украина диверсия-разведка гуруҳлар Мартиновка йўналишида ҳужум қилиб, РФ қуролли кучларининг илғор гуруҳларини қуршовга олишга ҳаракат қилмоқда», — дея ёзади Rybar, «рақиб қўшимча кучлар ва муҳандислик техникаларини олиб келиб, эгалланган аҳоли яшаш манзилларини мустаҳкамланган позицияларга айлантиришда давом этаётгани»ни қўшимча қилган.

Бошқа Z-каналлар эса украин бўлинмалари анча ичкарироқ кириб келганини хабар қилмоқда — хусусан, Курскдан ғарбдаги Лгов шаҳрига олиб борувчи трассага етиб борилгани, Суджадан шимолдаги Малая Локня эгаллангани, Снагост қишлоғига ҳужум ва Суджадан шимолда, Курск АЭСдан 35 км, област марказидан 65 км масофадаги Анастасевка қишлоғи ҳудудидаги жанглар ҳақида.

Душман босқинга ниҳоятда синчковлик билан тайёрланган, деб ҳисоблайди россиялик ҳарбий эксперт Владислав Шуригин.

«Улар чегара радиоалоқа тармоқларимизнинг асосий частоталарини, дронларни бошқариш частоталарини аниқлади ҳамда тайёрланган кучли генераторлари билан алоқамизни „ўчиришди“ ва „Ланцет“ типидаги дронларимиз фаолиятини „узиб қўйишди“, — дея ёзади Шуригин. — Афсуски, Россия қўмондонлиги бу йўналишда ўзини ўта суст тутиб, унга иккинчи даражали деб қаради ва унинг таъминоти фақат қолган-қутганлар ҳисобига амалга оширилди. Барча ресурслар чегаранинг нариги томонида жанг қилаётган гуруҳларга йўналтирилди ва бу қурол-яроғ, жиҳозлар, алоқа тизимлари, чегарани ва қўшинларни ҳимоялаш учун радиоэлектрон кураш воситалари бўйича жиддий фарқни юзага келтирди, душман эса бундан фойдаланди».

Анатолий Жданов / Коммерсант / Sipa USA / Vida Press

Украинага Россия ҳудудидаги амалиёт нега керак?

Украина қуролли кучларининг Курск областидаги амалиёти муваффақиятли бошланиши фонида фронтнинг бошқа участкаларидаги украин қўшинларининг позицияси оғирлигича қолмоқда, айрим жойларда эса — ўта оғир.

Украин қўмондонлиги жанговар захира кучларни нисбатан қайноқ йўналишлар — Покровск, Торецк, Часив Ярда Россия ҳужумларини қайтаришга эмас, балки Курск областига йўллаш қарори ўзини оқлайдими?

Россия ҳудудига бостириб кириш бўйича амалиётни ишлаб чиққанларнинг узоқ муддатли режалари бўйича ҳозирги босқичда ҳукм чиқариш қийин. Аммо ҳозирнинг ўзида яққол кўриниб турибдики, Курск йўналишидаги эскалация янги фронт очилишига олиб келиши муқаррар.

Россия томонининг биринчи босқичдаги камчиликлари аниқ: ҳарбий ҳаракатлар унинг ҳудудига кўчиши, ҳудудлар, кўчмас мулк ва ерлар бой берилиши, ҳалок бўлганлар, яраланганлар, асирлар, қочқинлар, ваҳима ва тушкун кайфият, инфратузилмалар вайрон бўлиши ва логистика издан чиқиши — урушнинг барча даҳшатлари.

Курск областига аввалги ҳужумлардагидан фарқли ўлароқ, бу сафар мунтазам армия сафарбар этилган. Фото: EPA

Буёғига нима бўлади?

Бир томондан, украинларнинг Курск областидаги юриши Россиянинг Харкив областидаги юришининг кўзгудаги аксига ўхшайди. Фарқ шундаки, украинлар юриши босқин эҳтимолига яхши тайёрланмаган, аскарлар етарли бўлмаган ҳудудда жадалроқ ривожланмоқда — Россиянинг «Север» гуруҳининг асосий кучлари Вовчанск ва Липци шаҳарларини штурм қилишга юборилганди.

Россия қўмондонлигини бошқа нарсалар қатори Курск АЭСдек стратегик объект ҳам жойлашган Курск областини қутқариб олиш учун бошқа истиқболли йўналишлардан қўшинларни олиб келишга мажбур қилиш — барчага тушунарли бўлган мақсад.

Киевнинг эҳтимолий музокаралардаги позицияларни мустаҳкамлаш режалари аниқ бўлгани каби — барча урушлар музокаралар билан тугайди. Ҳозирги Россия-Украина уруши реаллиги кўрсатмоқдаки, ҳудудларни, жумладан рақиб эгаллаб олган ҳудудларни қайтариб олиш осон бўлмайди, айниқса рақиб бу ҳудудларга мустаҳкам жойлашиб олган бўлса.

Бошқа томондан, бу украинларнинг нисбатан жанговар қисмлари истиқболсиз жангларда тор-мор этилишига, эгалланган ҳудудларда эса рус ватанпарварлиги кучайишига олиб келмайдими?

Аммо энди бу савол Курск областига бостириб киришдек ностандарт қарор қабул қилган Украина қуролли кучлари қўмондонлигига.

Мавзуга оид