Жаҳон | 07:57 / 10.08.2024
7695
3 дақиқада ўқилади

АЭХА Курск АЭС яқинидаги вазиятни кузатмоқда

АЭХА бош директори Гросси «атом электр станциясининг жисмоний яхлитлигини» таъминлаш императивига риоя қилишга чақирди.

Атом энергияси халқаро агентлиги (АЭХА) Курск атом электр станцияси (АЭС) яқинидаги ҳарбий ҳаракатлар ҳақидаги ҳисоботларни кузатмоқда. Бу ҳақда 9 август, жума куни АЭХА бош директори Рафаэл Гросси айтиб ўтди.

Россиянинг Венадаги доимий ваколатхонаси 8 август куни станцияда, шу жумладан радиоактив чиқиндиларни қайта ишлаш мажмуаси ҳудудида уриб туширилган ракеталарнинг бўлаклари топилгани ҳақидаги баёнотлари фонида изоҳ берилди. Бошқа манбалардан бу маълумот тасдиқланмаган.

АЭХА эслатишича, станциянинг иккита энергетика блоки тўхтаб қолган, иккитаси ишламоқда ва яна иккитаси қурилиш босқичида.

Максимал вазминликка чақириқ

Гросси барча томонларни «атом электр станциясининг жисмоний яхлитлигини» таъминлаш императивига риоя қилишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, қуролли тўқнашув вақтида ядро хавфсизлигини таъминлашнинг еттита ажралмас устунига, шунингдек, Запорижжя атом электр станцияси ҳудудидаги жанглар билан боғлиқ ҳолда ишлаб чиқилган ва АЭСга нисбатан қўлланадиган бешта аниқ тамойилга амал қилиш зарур. 

«Ҳозирги босқичда мен барча томонларни жиддий радиологик оқибатларга олиб келадиган ядровий авариянинг олдини олиш учун максимал даражада вазминликни сақлашга чақирмоқчиман», - дея таъкидлади АЭХА раҳбари. Унинг қўшимча қилишича, икки давлат расмийлари билан шахсан алоқада.

Курск вилояти бир қатор туманларида электр таъминоти вақтинча ўчирилган

Айни вақтда, Курск вилояти губернатори вазифасини бажарувчи Алексей Смирновнинг сўзларига кўра, Курск вилоятидаги трансформатор подстанциясига дрон қолдиқлари тушиши натижасида ёнғин чиққан. Бу Курчатов шаҳрида, шунингдек, Курчатовский, Октябрский, Болшесолдатский, Обоянский ва Беловский туманларининг бир қатор жойларида электр таъминотининг вақтинча узилишига олиб келди.

Вилоят ҳукумати кейинроқ маълум қилганидек, фавқулодда вазиятлар бригадалари электр таъминотини тиклаган.

10 августга ўтар кечаси расмийлар минтақада ракета хавфи борлигини эълон қилди.

Россиянинг учта минтақасида АТО режими

Бунгача Белгород, Брянск ва Курск вилоятларида аксилтеррор операцияси (АТО) режими жорий қилинган эди.

Украина қуролли кучлари Курск вилояти билан чегарани ёриб ўтганидан сўнг, гап «вазиятни беқарорлаштиришга мисли кўрилмаган уриниш» ҳақида кетяпти, деб тан олди Россия Федерацияси Миллий аксилтеррор қўмитаси. Губернатор вазифасини бажарувчи Смирновнинг сўзларига кўра, расмийлар кейинги «саботаж ва террорчилик таҳдидлари»дан хавотирда.

Мавзуга оид