Жаҳон | 15:42 / 10.08.2024
3561
3 дақиқада ўқилади

Полша АҚШдан юзлаб «ҳаво-ҳаво» синфидаги ракеталарни сотиб олди

Шартнома қиймати тахминан 783 миллион еврони ташкил этади, дея хабар беради Полша миллий қуролланиш агентлиги жума куни. Ракеталар 2029-2033 йиллар оралиғида етказиб берилади.

Фото: AP

Полша АҚШ билан бир неча юзлаб AIM-120C AMRAAM «ҳаво-ҳаво» синфидаги ракеталарини сотиб олиш бўйича шартнома имзолади. Шартномада кўрсатилган қиймат 855 миллион АҚШ долларини (тахминан 783 миллион евро) ташкил этади, деб хабар қилди Полша қуролланиш агентлиги 9 август, жума куни кечқурун.

«Етказиб бериш 2029 йилдан 2033 йилгача амалга оширилади. Ҳаво жанговар қуроллари (Полша) ҳарбий-ҳаво кучларида хизмат қилувчи жанговар самолётлар томонидан қўлланади», дейилади X ижтимоий тармоғида эълон қилинган хабарда. Харид қилинган ракеталарнинг аниқ сони айтилмаган.

Бундан ташқари, Полша матбуотига кўра, келаси ҳафта Варшава ва Вашингтон ўртасида қиймати 9 миллиард доллардан ортиқ бўлган Америкада ишлаб чиқарилган 96 дона Apache жанговар вертолётларини сотиб олиш бўйича келишув ҳам имзоланади. Улар Полшанинг совет давридаги эскирган вертолёт паркини алмаштириши керак, дея аниқлик киритмоқда AFP агентлиги.

Май охирида Полша АҚШдан F-16 учун ракеталар сотиб олди

29 май куни Полша расмийлари АҚШ билан F-16 қирувчи самолётлари учун мўлжалланган AGM-158 JASSM «ҳаво-ер» синфидаги қанотли ракеталарини сотиб олиш бўйича 735 миллион доллар (тахминан 690 миллион евро)лик шартнома имзолади. Бу ҳақда мамлакат мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, гап учиш масофаси 1000 км бўлган бир неча юзта ракета ҳақида бормоқда. Етказиб бериш 2026 йилдан 2030 йилгача амалга оширилади.

2023 йил июн ойи охирида АҚШ Давлат департаменти Полшага 15 миллиард доллар (13,7 миллиард евро) миқдорида ҳаво ва ракетага қарши мудофаа қўмондонлик ва бошқаришнинг интеграциялашган тизимини сотишни маъқуллади.

Полша Европадаги энг кучли армияни яратиш ниятида

2023 йил апрел ойида ўша пайтдаги мудофаа вазири Мариуш Блашчак Полша «Европадаги энг кучли қуруқликдаги армия»ни яратиш ниятида эканини айтди. «Имконият бўлганда, биз Полшада ишлаб чиқарилган замонавий жиҳозларга буюртма беряпмиз», - деб хабар қилди Полша Мудофаа вазирлиги.

Шунингдек, вазирлик аниқлик киритишича, Полша модернизация доирасида Американинг HIMARS ялпи ўт очиш реактив тизимлари, 32 та F-35 қирувчи самолётлари, Black Hawk вертолётлари, 250 та энг замонавий конфигурациядаги Abrams танклари ва яна 116 та эскирган версиялар, 24 та Bayraktar дронлари ва бошқаларни харид қилмоқда.

Мавзуга оид