Жаҳон | 23:32 / 10.08.2024
4618
2 дақиқада ўқилади

Украинанинг Курскка ҳужуми туфайли Беларус ўз чегарасини мустаҳкамламоқда

Беларус Қуролли кучлари Украина томонидан келган бир неча дронларни уриб туширганини маълум қилди.

Фото: president.gov.by

Беларус ҳаво мудофааси 9 август куни кечқурун Украинадан учиб келган бир нечта ҳужумчи дронларни йўқ қилди, деди мамлакат президенти Александр Лукашенко.

Украина қуролли кучлари Могилёв вилояти шарқидаги Костюковичи туманида «ҳар қандай қоидаларга зид равишда Беларус ҳаво ҳудудини бузди», деди Лукашенко.

Унинг сўзларига кўра, Беларус ҳудудида жами «ўнга яқин» ҳаво нишонлари қайд этилган, шундан сўнг мамлакат ҳаво мудофааси тўлиқ жанговар шай ҳолатга келтирилган. Натижада «бир нечта нишонлар» йўқ қилинган. Уларнинг бўлаклари ҳали ҳам қидирилмоқда.

«Биз булар ҳужумкор дронлар эканлигига шубҳа қилмаяпмиз. Улар Украинадан учиб келиб Беларус ҳаво ҳудудини бузди», деди Лукашенко. Беларус, унинг сўзларига кўра, бошқа нишонларни Россияга «топширган». Лукашенко россиялик ҳарбийларга таяниб, улар Ярославл яқинида уриб туширилганини даъво қилди.

«Украинага бу нима учун кераклигини тушунмаяпман. Биз буни аниқлаб олишимиз керак. Лекин, мен айтганимдек, биз улар билан буни аниқлаштириб олдик ва ҳар қандай провокация жавобсиз қолмаслигини айтдик», деб таҳдид қилди Лукашенко. Шунингдек, «бу билан украиналиклар ҳеч қандай тинчликка тайёр эмасликларини кўрсатишини» таъкидлади.

Лукашенко Украина қуролли кучларининг Курск вилоятидаги ҳужумига ҳам изоҳ берди. Унинг сўзларига кўра, 10 август ҳолатига кўра, украиналик ҳарбийлар Россия ҳудудига 30-35 километр ичкарига кирган ва у ерда «ўрнашиб олган».

Беларус мудофаа вазири Виктор Хренин президент «ҳар қандай провокацияларга жавоб бериш учун» Гомел ва Мозир тактик йўналишларида қўшин гуруҳларини кучайтиришни буюрганини айтди. Унинг айтишича, Украина билан чегарага «Полонез» ракета тизимлари ва «Искандар» мажмуалари ҳам жойлаштирилмоқда.

Мавзуга оид