Ўзбекистон | 21:42 / 12.08.2024
4600
5 дақиқада ўқилади

12 августнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Олимпиадачиларни олқишлаган президент, Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор ва Ғиждувон тажрибалари ижроси таҳлили, Тошкентда туғилган тўрт эгизак ва мандатни кутаётган абитуриентлар — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Олимпиададаги зафарли иштирок

Шавкат Мирзиёев спортчиларни Париж Олимпиадасидаги иштироки муносабати билан табриклади. «Токио Олимпиадасидан кейин топ-15 га кирамиз деб катта мақсад қўйган эдик. Бу янги Ўзбекистон ёшлари нимага қодир эканини бутун дунёга кўрсатди», — деди Мирзиёев.

Давлат раҳбари аввало спортчиларнинг Париж Олимпиадасидаги улкан тарихий зафарлари билан бутун халқни чин қалбидан табриклади.

«208 та давлат вакиллари қатнашган мусобақада спортчиларимиз  юксак матонат, маҳорат ва ирода кўрсатиб, дунёда 13-ўрин, Осиёда 4-ўрин, туркий, мусулмон ва МДҲ давлатлари орасида 1-ўринни эгаллади. Бирйўла 3 нафар спортчимиз “икки карра олимпия чемпиони”, деган юксак шарафли номга сазовор бўлди.

Барча спортчиларимиз, уларнинг ота-оналари, устоз ва мураббийлари Янги Ўзбекистоннинг чинакам қаҳрамонларидир! Улар билан ҳар қанча фахрлансак арзийди, улар бизнинг ғуруримиз!» деди президент.

Маълумот учун, Париждаги Олимпиада Ўзбекистон учун мамлакат мустақил тараққиёти тарихида энг муваффақиятлиси бўлди. 90 спортчимиз қатнашган ёзги олимпиадада делегациямиз жами 13 та медал — 8 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронзани қўлга киритди.

Раҳбарлар огоҳлантирилди

Президент раислигидаги видеоселектор йиғилишида йил бошида яратилган аҳолини банд қилиш ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор ва Ғиждувон тажрибалари ижросини таҳлил қилди.

Бу борада яхши натижа кўрсатаётган туманлар кўплиги, лекин айрим туман ҳокимлари, иқтисодий комплекс раҳбарлари бу ислоҳотларни тўлиқ тушуниб етмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Масалан, Уйчи тажрибаси асосида республика бўйича 500 мингта янги иш ўринлари яратилди. Лекин 15 та туман ва шаҳар режаси 90 фоизга етмаган.

Ёки Сайхунобод тажрибаси асосида ҳар бир маҳаллада 10 тадан микролойиҳа қилиш зарур. Бу орқали республикада жами 132 мингта микролойиҳа ишга туширилиб, 242 мингта янги иш ўринлари яратилди. Бироқ 26 та тумандаги 46 та маҳаллада номигагина 1-2 та микролойиҳа қилингани танқид қилинди.

Бир ой олдин Ғиждувон тажрибаси асосида туман ҳокимларига мингдан зиёд маҳалланинг ўзида “тепага ўсадиган” (вертикал) саноат бинолари ташкил қилиш топширилган эди. Лекин бирорта туман ҳокими ҳисоб-китоб қилиб, нечта лойиҳа қилиши ва қанча иш ўрни яратиши бўйича режасини тасдиқлагани йўқ.

Зарбдор тажрибаси бўйича раҳбарлар ижро муддати 1 октябр, деб хотиржам юрганига қатъий эътироз билдирилди.

Мутасаддилар ушбу 4 та туман тажрибаси бўйича сусткашликка йўл қўйган барча раҳбарларга чора қаттиқ бўлиши ҳақида огоҳлантирилди.

Тошкент туманида 4 эгизак дунёга келди

Тошкент туманида яшовчи 23 ёшли аёл Республика перинатал марказида 4 нафар эгизак — 3 қиз ва 1 ўғилни дунёга келтирди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, чақалоқларнинг аҳволи яхши.

Маълум қилинишича, республика перинатал марказида чақалоқларнинг соғлом туғилиши учун барча зарур шарт-шароит ҳозирланиб, туғуруқ кесарча усулида, асоратсиз ўтказилган. Ўғил чақалоқнинг вазни 1622 грамм, қизалоқларники эса 1330, 1510 ва 1370 граммдир.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар қилишича, гўдакларнинг зарур витаминлар ҳамда она сути билан озиқланиши неонатолог-шифокор ва ҳамширалар назорати остида.

Олийгоҳларга қабул якунланди

10 август куни олийгоҳларга қабул якунланди. Энди мандат бир ҳафта ичида эълон қилинади. Мандатни эса тест синовларини топширган абитуриентларнинг фақат ярми кутяпти, қолган ярми минимал ўтиш баллини йиғолмаган.

14-26 июл кунлари 737 мингдан ортиқ абитуриент олий таълим муассасаларининг бакалавриатига тест синовларини топширган эди. Улар тўплаган баллар синовларнинг эртасига эълон қилиб борилди. У якунлангач, 11 августгача олийгоҳ ва таълим йўналишларини танлаш жараёни учун вақт ажратилган эди.

Қабул тартибига кўра, эндиликда 1 ҳафта муддат ичида – 17 августгача якуний натижалар эълон қилиниши керак.

Шу тариқа, абитуриентлар бу йил илк марта янги тартиб асосида, имтиҳондан сўнг ўзлари тўплаган баллига қараб қаерда, қайси йўналишда ўқишини танлади.

Имтиҳонлар якунлангач, абитуриентларнинг 47 фоизи ўқишга кириш учун йиғиш керак бўлган минимал 56,7 баллни ҳам тўплай олмагани маълум бўлди.

Мавзуга оид